10:26 / 16.09.2016
11320

Энг узун ва энг давомий чақмоқ қаерда кузатилган

Жаҳон метеорология ташкилотининг (ЖМТ) экспертлар қўмитаси икки рекордни қайд этди: энг узун чақмоқ 300 километрдан ортиқни ташкил қилган бўлиб, у 2007 йилда Оклахомада (АҚШ) кузатилган, энг давомий чақмоқ эса - 7,7 сониядан ортиқ бўлиб, у 2012 йилнинг 30 августида Франциянинг жанубидаги Прованс - Альп - Мовий қирғоқ ҳудудида қайд қилинган. Бу ҳақида пайшанба куни Женевада БМТнинг махсус муассасаси ҳисобланган ЖМТда маълум қилинди. 

"2007 йилда Оклахомада кузатилган чақмоқ 321 километрли горизонтал масофани қоплаб олган, 2012 йилги Франциянинг жанубидаги чақмоқ эса 7,74 сония давом этган - буни ЖМТнинг баҳолаш қўмитаси аниқлаган", - дейилган маълумотда. ЖМТда чақмоқлар "фавқулодда метеорологик ва иқлимий ҳодисаларнинг расмий архивига илк марта киритилгани" таъкидланди. Унда иссиқ, совуқ, шамол, ёмғир тезлиги ва бошқа об-ҳаво феноменларига доир рекордлар рўйхатдан ўтказилади. 

ЖМТ бош директори Петтери Тааласнинг айтишича, "чақмоқ - ҳар йили кўплаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўладиган энг йирик табиий хавф". Бундай фавқулодда ҳодисалар мониторингини яхшилаш "аҳолининг ҳавфсизлигини яхшилашга ёрдам беради", деб ҳисоблайди у. Энг узун ва энг давомий чақмоқни масофали техник ускуналарнинг яхшиланиши туфайли аниқлаш мумкин бўлди. 

ЖМТнинг рекорд чақмоқларни рўйхатдан ўтказиш масаласини ҳал қилган экспертлар қўмитаси таркиби АҚШ, Франция, Испания, Хитой, Марокаш, Аргентина ва Буюк Британия мутахассисларидан иборат.

Top