Жаҳон | 18:58 / 20.09.2016
18370
2 дақиқада ўқилади

Атамбаевнинг матбуот хизмати унинг ҳолати ҳақида маълумот берди

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг соғлиги бўйича жиддий ташвишланишга ҳожат йўқ. Бу ҳақда РИА Новости агентлиги Қирғизистон президенти матбуот хизмати раҳбари Алмаз Усеновга асосланиб хабар берган.

Бундан олдинроқ Қирғизистон давлати раҳбари қисқа муддатли таътилга чиққани ҳақида маълум қилинганди. У сентябрь охиригача Туркияда бўлиб, тиббий кўрикда бўлади.

Қирғизистон президенти 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 71-сессиясида иштирок этиш учун АҚШга йўл олганди. Самолёт Нью-Йоркка учиш давомида Туркиядаги Отатурк аэропортига қўнганида президент ўзини ёмон ҳис қилди ва кўкрагидаги оғриқдан шикоят қилди.

Юзага келган муаммо туфайли Қирғизистон президентининг Нью-Йоркка ишчи ташрифи бекор қилинди, у ерда у БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида умумий мунозараларда қатнашмоқчи эди.

"Президентнинг аҳволи яхши. У таътилда. Унинг соғлигига хавф йўқ", — деган матбуот котиби.

У РИА Новости мухбири саволларига жавоб қайтарар экан, президентнинг қачон ишга чиқиши борасида аниқ айта олмаган.

"Эртага кўрамиз", — деган у.

Бундан олдинги хабарларда Атамбаевнинг расмий таътили 1 октябргача чўзилиши мумкинлиги айтилганди.

Мавзуга оид