18:43 / 21.09.2016
9781

Очиқлик ва ошкоралик сайловнинг муҳим шарти

2016 йил 21 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Жаҳон” ахборот агентлиги, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, “Uzreport” ахборот агентлиги билан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритиш тўғрисида икки томонлама битимлар имзолади.
 
Сайловларнинг очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик каби демократик тамойилларга мувофиқ ҳолда ўтказилишида оммавий ахборот воситалари муҳим аҳамият касб этади.
 
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддаси ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига мувофиқ оммавий ахборот воситалари сайлов жараёнини кенг ёритади.
 
Битимларни имзолашга бағишланган тадбирда Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов ўтган йиллардаги сайлов кампаниялари мобайнида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичлари ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш бўйича катта тажриба тўпланганини таъкидлади.
 
Битимлар сайлов тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатлари – Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тегишли қоидаларини, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунлар ва сайлов жараёнини тартибга соладиган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тушунтириш, Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва сайлов қонунчилиги соҳасидаги олим ва экспертлар билан суҳбатлар уюштириш, сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури ижроси, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди дастурлари ҳақида жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилиш, сайлов кампанияси тўғрисида хорижий мамлакатлар давлат ва жамоат арбоблари, эксперт ва таҳлилчилари, оммавий ахборот воситалари вакилларининг фикр-мулоҳазалари билан мамлакатимиз аҳолисини доимий равишда таништириб бориш борасидаги ишларни самарали ташкил этишга қаратилган.
 
Имзоланган битимларни амалга ошириш доирасида барча даражадаги сайлов комиссияларининг фаолиятини изчил ёритиб бориш, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар учун уларнинг сайловолди дастурлари қоидаларини, мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ривожланишининг муҳим масалаларига тааллуқли мустақил нуқтаи назарларини сайловчиларга, жамоатчиликка етказиш учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда, шу жумладан, тенг ҳажмда эфир вақти ва нашр майдони ажратиш йўли билан кенг ва тенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор берилади.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини
ёритиш бўйича Республика матбуот маркази

Top