Жаҳон | 21:41 / 22.09.2016
14527
2 дақиқада ўқилади

ИШИД жангарилари Туркия ҳудудига ракета отди

ИШИД жангарилари Сурия ҳудудидан туриб Туркия жанубига ракета йўллади. Бу ҳақда Reuters хабар тарқатган.

Хабар қилинишича, ракета чегара ҳудуддаги Килис шаҳрига келиб тушган. Камида битта ракета аҳоли гавжум бўлган савдо-сотиқ ҳудудига келиб тушган.

Тиббиётчиларнинг маълум қилишича, 6 киши жароҳатланган, уларнинг 5 нафари болалардир. Жабрланганларнинг барчаси суриялик қочқинлар экани маълум бўлган. Жабрланувчилар шифохонага еткизилган, уларнинг ҳаётига хавф таҳдид солмаяпти.

2016 йил бошидан буён Сурия шимолидаги ИШИД назорати остидаги ҳудуддан Туркия ҳудудига йўлланган ракета зарбалари оқибатида Килисда 21 киши ҳалок бўлган, 80 киши жароҳатланган. 22 сентябрь куни келиб тушган ракета Туркия ҳарбийлари Сурияда 24 август куни "Фрот қалқони" амалиёти бошлашидан бери илк марта ракета келиб тушиши бўлди.

"Фрот қалқони" амалиёти доирасида Сурияга танклар ва артиллерия бўлимлари ҳамда махсус топшириқли ҳарбийлар олиб кирилди. Амалиётдан асосий мақсад - чегара ҳудудини ИШИД жангариларидан тозалаш ҳисобланади. Кейинроқ, бу амалиёт курдларга қарши экани ҳам маълум бўлди. Туркия ИШИДдан озод қилинган ҳудудларни Сурия мухолифатига олиб бермоқда.

Мавзуга оид