Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ ва Сурия қўшма операцияси: ИШИД қурол омборларига зарбалар берилди
Америка ҳарбийлари маълум қилишича, улар суриялик ҳамкасблари билан бирга Сурияда ИШИД террорчи ташкилотига тегишли яширин қурол омборларига ҳаводан ва қуруқликдан зарбалар берган. У ерда, жумладан, 130 дан ортиқ миномёт ва ракеталар сақлангани айтилмоқда.
Фото: Darko Bandic/AP
АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълумотига кўра, 24–27 ноябр кунлари CENTCOM кучлари ва Сурия ички ишлар вазирлиги бўлинмалари биргаликда Сурия жанубида жойлашган Риф-Дамашқ вилоятидаги 15 та манзилга ҳаво ва қуруқлик зарбаларини амалга оширди. Бу ерларда ИШИД террорчи ташкилотига тегишли яширин омборлар жойлашган эди.
Америка ҳарбийларининг қайд этишича, операция натижасида 130 дан ортиқ миномёт ва ракеталар, шунингдек, бир нечта ҳужум қуроллари, пулемётлар, танкка қарши миналар ва қўлбола бомбалар тайёрлаш учун мўлжалланган материаллар йўқ қилинди. АҚШ ва Сурия хавфсизлик кучлари, шунингдек, бир неча партия наркотик моддаларни ҳам аниқлаб, йўқ қилган.
«Ушбу муваффақиятли операция ИШИДга қарши курашда эришилган ютуқлар узоқ муддатли бўлишини, гуруҳ яна террорчилик ҳужумларини қайта тиклай олмаслигини ёки уларни АҚШ ҳудудига ёки бутун дунёга кўчира олмаслигини таъминлайди», — деди CENTCOM қўмондони адмирал Брэд Купер.
10 ноябр куни АҚШ президенти Доналд Трамп Вашингтондаги ўз қароргоҳида Суриянинг вақтинчалик президенти Аҳмад аш-Шаръани қабул қилди. Ўша куни Сурия муваққат ҳукумати ахборот вазири Ҳамза Мустафа Дамашқ АҚШ бошчилигидаги ИШИДга қарши халқаро коалицияга қўшилганини маълум қилди.
Трамп учрашувдан сўнг аш-Шаръани «жуда кучли лидер» ва «қатъий йигит» деб атади ҳамда улар яхши муносабат ўрната олганини айтди. «Биз қўлимиздан келган барча ишни қиламиз, Сурия муваффақиятга эришсин, чунки у Яқин Шарқнинг бир қисми», — дея қўшимча қилди Трамп.
Аш-Шаръа эса 10 ноябр куни Fox News телеканали эфирида ўзининг "Ал-Қоида" террорчи ташкилоти билан ҳамкорлиги "ўтмишдаги иш" эканини, Доналд Трамп билан учрашувда бу мавзу муҳокама қилинмаганини айтди. Бир кун олдин АҚШ вақтинчалик президент аш-Шаръани террорчилар рўйхатидан чиқарган эди.
2024 йил охирида ўшандаги Сурия президенти Башар Асадни ағдариб ташлаган Аҳмад аш-Шаръа илгарироқ Абу Мухаммад ал-Жўлоний номи билан танилган. У 2003 йилда АҚШ бошчилигидаги халқаро антитеррор коалициясига қарши курашиш мақсадида Ироқдаги «Ал-Қоида» сафига қўшилган. 2006 йилда америкалик ҳарбийлар томонидан қўлга олинган ва Ироқ қамоқхоналарида беш йил ўтказган.
2011 йилда озодликка чиққанидан сўнг аш-Шаръа Сурияда «Ал-Қоида»нинг маҳаллий бўлими бўлган гуруҳни тузди ва унга раҳбарлик қилди. 2017 йилда у ислоҳ қилиниб, янги ном билан қайта тузилди. Янгича гуруҳнинг асосий мақсади Асад режимига барҳам бериш бўлди.
ИШИД 2014 йилда Сурия ва қўшни Ироқнинг катта ҳудудларини босиб олган эди. Ҳозирги кунга келиб, АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан у ҳарбий жиҳатдан мағлуб этилган деб ҳисобланади. Шунга қарамай, тахминларга кўра, Ироқ ва Сурияда ҳамон тахминан 2500 нафар ИШИД жангариси яширин ҳолда ҳаракатланиб, терактлар уюштиришда давом этмоқда.