Жаҳон | 23:51 / 23.09.2016
5238
2 дақиқада ўқилади

Пекинда "Катта йигирматалик"нинг аксилкоррупцион маркази очилди

"Катта йигирматалик"нинг (G20) халқаро аксилкоррупцион маркази хорижда яшириниб юрган коррупциячиларни ортга қайтариш билан шуғулланади. Марказ 23 сентябрда Пекинда расман очилди, деб маълум қилди "Синьхуа" ахборот агентлиги. 

Сентябрь бошида Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтган G20 саммити натижаларига кўра, йигирматалик етакчилари Хитойда хорижда йигирматаликка аъзо давлатларда яшириниб юрган коррупциячилар ва маблағларни қайтариш муаммосини тадқиқ қилиш илмий маркази яратилганини ижобий қабул қилишганди. Бу марказ халқаро ҳуқуқ меъёрларига асосан ҳаракат қилади.

Аввалроқ China Daily нашри марказ бир неча ой ичида ишлашни бошлашини маълум қилганди. Марказ Пекин педагогика университетида жойлашган.

Марказнинг очилиш маросимида Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, Хитой коммунистик партияси интизомни текшириш  марказий комиссияси, таълим вазирлиги ва Пекин педагогика университети ходимлари ҳамда йигирматаликка аъзо давлатларнинг Хитойдаги дипломатлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.

Аввалроқ марказда хитойлик ва йигирматаликнинг бошқа давлатларидан коррупцияга қарши масалалар билан шуғулланувчи ўнлаб мутахассислар ишлаши маълум қилинганди.

Марказ йигирматалик давлатларида коррупция жиноятларини чуқур ўрганиш, жумладан ички қонунчиликнинг бошқа давлатлар қонунчиликлари билан қиёсий таҳлили, ноқонуний активларни мусодара қилиш, экстрадиция масалалари ва юридик ёрдам жараёнларини ўтказиш билан шуғулланиши кутилмоқда.

 

Мавзуга оид