17:49 / 30.09.2016
10939

Робби Уильямс: "Руслар каби байрам қил!"

Британиялик қўшиқчи Робби Уильямс ўзининг Facebook'даги саҳифасида "Party Like A Russian" ("Руслар каби байрам қил") қўшиғига тасвирга олинган клипни тақдим этди. Роликда у ҳашаматли саройда балетчи қизлар билан рақсга тушади. 

Хонанда бутун миллатнинг пулини ўмариб, шахсий космик станциясини қурган, ҳеч қачон табассум қилмайдиган бадавлат рус кишиси ҳақида куйлаган.

"Руслар каби байрам қил, ортиқча гап-сўзни тўхтат, худди ақлдан озгандек рақсга туш", - дейилади қўшиқ матнида, ҳаттоки бир неча русча сўзларни ҳам қўшиб қўяди. Ушбу композиция қўшиқчининг янги "Heavy Entertainment Show" альбомига киритилган. 

Уильямс қўшиқдан Россия президенти ҳақидаги мисраларни олиб ташлаганини айтди:

"Россияда 147 миллион киши яшайди. Уларни хафа қилмоқчи эмасман. Нима бўлганда ҳам, уларнинг ҳазил-мутойибага муносабати қандай эканини билмайман. Мен ҳеч кимнинг устидан кулмадим. Қўшиқ сиёсий жиҳатдан нобоп бўлмаслиги учун ундан бир неча мисраларни олиб ташладим", - деди Уильямс The Sun нашрига берган интервьюсида. 

Робби Уильямс Британиянинг энг машҳур қўшиқчиси ҳисобланади. Ижрочи альбомларининг дунё миқёсида сотилиши 55 миллион нусхадан ошади. Қўшиқчи бир неча маротаба Россияда бўлган. 

Top