Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Санкт-Петербургдаги байрамга иқтидорли ўқувчилар қолиб, амалдорларнинг фарзандлари борди
Санкт-Петербургда ўтказилган “Алвон елканлар” битирувчилар байрамига Самарқанд вилоятидан юборилган мактаб ўқувчилари рўйхати жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлди. Саёҳатга борганлар орасида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг ўғли ва жияни, шунингдек бошқа масъулларнинг фарзандлари ҳам борлиги айтиляпти – ММТБ буни рад этмади.
Фото: Петр Ковалев/ТАСС
Санкт-Петербург шаҳрида ҳар йили ўтказиладиган “Алвон елканлар” (“Алые паруса”) байрами одатда Россиянинг ўзидаги мактаб битирувчилари учун мўлжалланган тадбир сифатида танилган. Бироқ 2025 йилда бу байрам доирасида Ўзбекистондан ҳам, хусусан Самарқанд вилоятидан мактаб ўқувчиларини таклиф қилиш масаласи кун тартибига қўйилган.
Россия томони йўллаган расмий таклиф хатига кўра, Самарқанд вилоятидан 9-11-синф ўқувчиларидан иборат делегация 2025 йил 28 июн куни бўлиб ўтадиган байрамда иштирок этиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу таклифни вилоят ва шаҳар ҳокимликларига етказар экан, иштирокчилар рўйхатини шакллантиришда муҳим тавсияни ҳам алоҳида белгилаб ўтган: таълимда юқори натижа кўрсатиб келаётган, миллий ва халқаро фан олимпиадаларида ғолиб ёки фаол иштирок этган ўқувчиларга устуворлик бериш лозим.
Шундан кейин Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бу сафар масаласида Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига мурожаат йўллаб, Россия томони таклиф этган квота доирасида 14 нафар юқори синф ўқувчиси ва 1 нафар масъул ходим рўйхатини шакллантириш учун розилик сўраган. Ҳужжатларда вазирлик розилиги олинган тақдирда, иштирокчилар рўйхати вилоят ҳокимлигига тақдим этилиши белгиланган.


Telegram'даги Samarqand_LIVE каналининг ёзишича, иштирокчилар рўйхатида Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбари Музаффар Ҳамдамовнинг 2014 йилда туғилган ўғли ва 2011 йилда туғилган жияни ҳам бўлган. Шунингдек, бошқарманинг айрим бўлимлари раҳбарлари ва масъул ходимларининг фарзандлари ҳам мазкур сафарда иштирок этгани айтилмоқда.

Манбага кўра, бу ўқувчиларнинг бирортаси халқаро фан олимпиадаларида иштирок этмаган, ҳатто айримлари туман ёки шаҳар босқичида ҳам қатнашмаган.
“Дастлабки суриштирувимизга кўра, ҳатто айрим ўқувчиларнинг давомати паст бўлиб, мактабда яхши ўқимайдиган таниш-билиш ва қариндош болалар юборилган”, – деб ёзади Samarqand_LIVE.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолатга муносабат билдирди. Унга кўра, дастлаб мазкур тадбир учун 14 нафар иқтидорли ўқувчи ва 1 нафар масъулдан иборат делегация шакллантирилган. Аммо айрим ўқувчиларнинг хорижга чиқиш паспортлари ўз вақтида тайёр бўлмагани ва айримларининг ота-оналари сафарга рухсат бермагани сабабли рўйхат ўзгартирилган.
Натижада “8 нафар аълочи ўқувчи ва 2 нафар масъулдан иборат жамоа” шакллантирилган ҳамда Санкт-Петербургдаги тадбирда вилоятдан жами 10 нафар иштирокчи қатнашган. Шунингдек, гуруҳга рус тилини мукаммал билувчи малакали мутахассис сифатида Гулмира Салимова масъул этиб тайинланган.
Бошқарманинг расмий ахборотида ўқувчилар орасида бошқарма бошлиғининг ўғли ва жияни ҳам бўлганига муносабат билдирилмаган. 8 нафар ўқувчининг рўйхати ва улар айнан қайси олимпиадада қанақа ўрин олгани каби маълумотлар ҳам берилмаган.
Шу ўринда табиий савол туғилади: агар халқаро байрамга бориш учун асосий мезон иқтидор, юқори таълим натижалари ва олимпиада ютуқлари бўлса, нега айнан шу имконият бошқарма раҳбарияти ва айрим масъул ходимларнинг фарзандларига насиб этди? Нега расмий ҳужжатларда белгиланган талаблар амалда бошқача ишлади?
Ва энг муҳими – нега айнан маъмуриятга алоқаси бўлган одамларнинг фарзандлари бу тарзда “сийланди”?
Мавзуга оид
13:33 / 03.02.2026
Самарқандда икки туманга янги ҳокимлар тайинланди
13:40 / 09.01.2026
Самарқандда 15 ёшли бола уйлангани ҳақидаги видео юзасидан расмий маълумот берилди
20:43 / 24.12.2025
31 декабрдан 4 январгача дам олиш кунлари бўлади – янги фармон
17:11 / 23.12.2025