Жаҳон | 20:52 / 07.10.2016
5462
2 дақиқада ўқилади

Анқара Бағдоднинг Ироқда турк қўшинлари борлиги ҳақидаги айбловига жавоб берди

Фото: Global Look Press

Анқара Ироқ ҳукуматининг мамлакат шимолида турк қўшинлари борлиги ҳақидаги баёнотларини хавфли ва иғвогар деб ҳисоблашини айтди. Бу ҳақда 7 октябрда Туркия бош вазири Бинали Йилдирим айтиб ўтди.

Ироқ парламенти 4 октябрда турк қўшинларининг Мўсул яқинидаги Башик туманида борлигига қарши норозилик билдирилган резолюцияни қабул қилди. Ироқ парламентчилари ҳукуматдан ушбу ҳолат юзасидан тегишли ҳуқуқий ва дипломатик чораларни қабул қилишни талаб қилганлар.

Туркия ташқи ишлар вазирлиги бу резолюцияни қоралаган. 6 октябрда Йилдирим турк ҳарбийлари Ироқ шимолидаги Башик лагерида қолишда давом этишларини айтган. Ўз навбатида, Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободий турк ҳарбийлари Ироқда ўзларини худди уйларидек тутмасликлари кераклигини айтган.

"Бизнинг ҳарбийлар Ироқда ўз хизматларини ўтамоқдалар, ИШИДга қарши курашмоқдалар. У ерда яна 60 та давлат вакили бор ва уларнинг Ироқ билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шунинг учун Ироқнинг турк ҳарбийлари борлиги ҳақидаги баёноти хавфли ва иғвогардир. Бизнинг ҳарбийлар у ерга бугун борганлари йўқ. Улар у ерда узоқ вақтдан бери борлар ва жуда муҳим ишни бажармоқдалар. Бизнинг зиммамизда минтақада тинчликни ўрнатиш учун жавобгарлик турибди. Ироқ ҳукумати яхшиси ўз эътиборини террорчиликка қарши курашга қаратсин ва бунинг учун нимадир қилсин", деб айтди Йилдирим журналистларга.

 

Мавзуга оид