Жаҳон | 16:37 / 18.10.2016
7316
2 дақиқада ўқилади

Турк разведкаси йирик шаҳарларда теракт хавфидан огоҳлантирди

Фото: Unian

Туркия миллий разведка ташкилоти (МРТ) ИШИДнинг 5 йирик шаҳарда тайёрланаётган йирик терактлари ҳақида маълумотга эга бўлди. Cumhuriyet газетасида шу ҳақида маълумот берилди.

Манбага кўра, Миллий разведка ташкилоти Хавфсизлик бош идорасини теракт хавфидан огоҳлантирган. У эса, ўз навбатида, барча ҳудудий бўлимларига "шошилинч" белгиси билан мурожаат йўллаган. Разведка маълумотларига кўра, терактлар Истанбул, Анқара, Анталия, Измир ва Газиантеп шаҳарларида амалга оширилиши мумкин. 

Таъкидланишича, ИШИД транспорт, метро, автобуслар, вокзаллар, паромларда ҳужум уюштириши мумкин. Бундан ташқари, авиатранспорт ходимлари ҳам теракт хавфидан огоҳлантирилди. Манбага кўра, ИШИДнинг Истанбулдаги ҳужумлари нишонларидан бири - жорий йилнинг декабрида Туркия олий раҳбарияти иштирокида очиладиган Босфор остидаги автотуннель - "Евроосиё туннели" бўлиши мумкин.

Ўтган якшанба куни Газиантепда шаҳардаги ИШИД ўчоқларига қарши полиция рейдлари бўлиб ўтди. Бунинг натижасида бир худкуш қўлга олинди, яна бири ўзини портлатиб юборди ҳамда 3 нафар полиция ходимининг ўлимига сабабчи бўлди. 

Душанба куни Анқара губернаторлиги пойтахтда ноябрь ойи охирига қадар барча оммавий тадбирларнинг бекор қилиниши ҳақида эълон қилди. 

Мавзуга оид