Ўзбекистон | 16:26 / 23.10.2016
16683
5 дақиқада ўқилади

Ҳотамжон Кетмонов сайловолди дастури билан таништирди

Фото: Халқ демократик партияси матбуот хизмати

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Ўзбекистон Президентлигига партиядан номзод Ҳотамжон Кетмонов ўз маърузасида сайловолди дастурининг асосий ҳолатлари юзасидан маълумот берди. Маърузанинг тўлиқ матни партия расмий сайтида чоп этилди.

У аҳоли бандлигини таъминлаш тизимини доимий такомиллаштириб бориш зарурлигини қайд этиб ўтган.

«Биз учун асосий устувор йўналиш, авваламбор, аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кучли ижтимоий сиёсатни юритишдан иборатдир.  Бу меҳнатга лаёқатли кишиларнинг муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларига эга бўлишини, фуқароларнинг шахсий ташаббускорлиги ва ишбилармонлиги қўллаб-қувватланиши ва рағбатлантирилишини, ёшларга, уларнинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, касб танлаш, таълим олиш ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта иш ўрнига эга бўлишлари учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитлар яратилишини, пенсионерлар, ногиронлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва аҳолининг меҳнатга лаёқатсиз бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжлари тўлиқ қондирилишини кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизими шакллантирилиши билан боғлиқ масалаларни қамраб олади», — деди сиёсатчи.

Шундан сўнг у бундай мақсадларни самарали амалга оширишда устувор ҳисобланувчи йўналишларга тўхталиб ўтди:

«Биринчидан, аҳоли бандлигини таъминлаш тизимини доимий такомиллаштириб бориш зарур. Хусусан, меҳнат бозоридаги талаб-таклифни тўлиқ ҳисобга олиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини тузишда ҳудуднинг жорий ва истиқболдаги ривожланиш йўналишларини аниқлаштириш, касб-ҳунар коллежлари йўналишларини белгилашда ташкил этилаётган корхона ва тадбиркорлик субъектларини кадрларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олиш лозим. Бундан ташқари, ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш давомида барқарор иш ўринларини яратиш кўрсаткичлари мазкур дастурларнинг муҳим мезонларидан бири бўлишига эришиш керак. Ушбу мақсадда, авваламбор, муносиб иш ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринларини таклиф этаётган корхоналарда, хусусан, юқори технологик тармоқ корхоналари, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш лозим».

«Бу йўналишдаги яна бир муҳим масала меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан таъминлаш, бир марталик вақтинча иш билан банд бўлган шахслар меҳнат фаолиятининг қонуний асосларини такомиллаштиришдир», — қўшимча қилди Ҳотамжон Кетмонов.

Ҳотамжон Кетмонов кам таъминланган оилаларни манзилли ижтимоий ҳимоялаш сиёсатини изчил давом эттириш лозимлигини қайд этиб ўтган.

«Кам таъминланган оилаларни манзилли ижтимоий ҳимоялаш сиёсатини изчил давом эттириш лозим. Бунда ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ўртасида боқимандалик кайфиятини бартараф этишга қаратиш, уларнинг ташаббускорлигини рағбатлантириш, меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда нафақалар ва моддий ёрдамни асосан кам таъминланган оилалар, ижтимоий ёрдамга мухтож қариялар ва болаларга йўналтириш ниҳоятда муҳим масаладир», — деди у.

«Яна бир муҳим масала бугунги кунда партиямиз электоратининг асосий қатламини ташкил этувчи жисмоний имконияти чекланган, турли сабабларга кўра ногирон бўлиб қолган фуқароларимизнинг ижтимоий ҳаётга киришишлари учун барча шароитларни яратиш масаласидир.

Бугунги кунда ижтимоий объектларда, барча бино иншоотларда ногиронлар учун махсус кириш йўлаги — пандуслар бўлиши даркор. Янги қурилаётган объектларни лойиҳалаш ишлари, шунингдек, қуриб битказилган объектларни фойдаланишга топшириш жараёнида Ногиронлар уюшмаси иштироки қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилган бўлсада, мазкур нормалар амалиётда ишламаяпти. Аксарият биноларда ногиронлар учун пандуслар умуман йўқ, мавжуд бўлганларининг аксариятидан фойдаланишнинг имкони йўқ. Пиёдалар йўлакчалари ҳам ногиронлар учун мосланмаган. Мазкур масалаларни бартараф этиш мақсадида қатор чораларни амалга ошириш, хусусан, мавжуд барча бино ва иншоотларни, айниқса давлат идораларини ногиронлар кира олишлари нуқтаи назаридан хатловдан ўтказиш керак, уларни ногиронларга мослаш; йўлакчаларни ногиронларга мослаш бўйича махсус давлат дастурини қабул қилиш даркор деб ҳисоблаймиз», — таъкидлади сиёсатчи.

Мавзуга оид