Ўзбекистон | 09:00 / 03.06.2019
72227
2 дақиқада ўқилади

Ҳотамжон Кетмоновнинг янги иш жойи маълум бўлди

Фото: ЎзХДП

Ҳукумат қарори билан Ҳотамжон Абдураҳмонович Кетмонов Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

1 июнь куни Ҳотамжон Кетмонов Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси лавозимини тарк этганди. Эндиликда партияга Наманган давлат университети ректори сифатида ишлаб келган Улуғбек Иноятов раислик қилади.

Ҳ.Кетмонов 1969 йил Андижон вилояти Балиқчи туманида туғилган. 1993 йили Андижон давлат педагогика тиллар институтини рус тили ва адабиёти ўқитувчиси мутахассислиги билан тамомлаган. 

Фаолиятини 1993 йилда Фарғонанинг Тошлоқ туманидаги мактабда ўқитувчиликдан бошлаган. 1995-2004 йилларда Фарғона вилояти Халқ таълими бошқармаси тизимида меҳнат қилган. 2004-2013 йилларда Андижон вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган.

У 2013 йилдан буён ХДП Марказий кенгаши раиси сифатида ишлаб келаётганди. 2015 йилдан ҳозирги вақтга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари эди.

Ҳотамжон Кетмонов 2015 ва 2016 йилги президентлик сайловларида ХДП партиясидан номзод сифатида қатнашган.

Мавзуга оид