08:25 / 03.11.2016
4729

Бельгиялик вазир ҳалаблик қочқинларга виза бермагани учун жаримага тортилди

Фото: © Philippe Farjon/Global Look Press

Бельгиянинг миграция ишлари бўйича вазири Тео Франкен Суриянинг Ҳалабидан келган оилага виза беришни рад этгани учун 33 минг долларга жаримага тортилди. Бу ҳақда ABC хабар бермоқда. 

Суднинг қарорига қарамасдан, вазир жаримани тўлашдан бош тортмоқда. Унга жаримани тўлашни чўзган ҳар бир куни учун 4 минг доллардан (4 кишидан иборат суриялик оиланинг ҳар бир аъзоси учун минг доллардан) қўшимча жарима солинмоқда. Агар жарима тўлаб берилмаса, суд ижрочилари Франкеннинг идорасидаги мол-мулкини мусодара қилишлари мумкин.

Суриялик қочқинларни Бельгиянинг Намур шаҳридаги дўстлари қабул қилишга тайёрликларини билдирганлар. Бироқ вазир бу хавфли ўрнак бўлиб, мамлакатга кўплаб муҳожирларнинг келишига олиб келиши мумкин, деб ҳисобламоқда. У, шунингдек, виза сиёсати бўйича қарорни суд эмас, ҳукумат қабул қилиши керак, деб айтмоқда.

Суриялик оиланинг адвокати таъкидлашича, унинг мижозларига пул эмас, виза керак. 

 

Top