Жамият | 21:09 / 07.11.2016
16733
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда фильм суратга олиш вақтида икки актёр ҳалок бўлди

Фото: © Flickr/ Premshree Pillai

Ҳиндистоннинг Карнатака штатида фильм суратга олиш вақтида икки актёр ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда NDTV телеканали. 

Воқеа 7 ноябрда "Мастигуди" (Masthigudi) фильмини суратга олиш майдончасида асосий саҳналардан бирининг олиниши вақтида юз берди. Бу саҳнада фильм қаҳрамонларининг вертолётдан сув омборига сакрашлари суратга олиниши керак бўлган. Суратга олиш ишлари Бангалордан 35 км узоқликда жойлашган сув омборида ўтаётган бўлган.

Актёр Дунья Виджай ижросидаги фильм бош қаҳрамони икки нафар салбий қаҳрамонни таъқиб қилади. Маълум қилинишича, актёрларнинг исми Анил ва Удай бўлган (уларнинг фамилиялари келтирилмаган). Салбий қаҳрамонлар вертолётга чиқишади, у сув омбори узра учади, сўнгра вертолёт бортида бош қаҳрамон билан унинг рақиблари орасида олишув бўлади ва охир-оқибат уларнинг барчаси сувга сакрайдилар. 

Телеканал томонидан намойиш қилинган лавҳаларда сувга сакраганлардан фақатгина актёр Дунья Виджай сув сиртига сузиб чиқа олганини кўриш мумкин. Қолган икки актёр бедарак йўқолган. Айни вақтда уларни қидириш ишлари олиб борилмоқда.

India Today телеканали маълумотларига кўра, актёрлардан бири – Удай суратга олиш вақтида сузишни яхши билмаслигини, бироқ фильм учун таваккал қилишини айтган.

 

Мавзуга оид