Жаҳон | 19:11 / 08.11.2016
14265
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда президентни ҳақорат қилганлик учун жазо чораси кескинлаштирилди

Фото: © РИА Новости

Тожикистон парламенти юқори палатаси бугун мамлакат жиноят кодексининг янги таҳририни қабул қилишди. Унга кўра, мамлакат президенти, Миллат отаси мақомидаги Эмомали Раҳмонни оммавий тарзда ҳақоратлаганлик учун жиноий иш очиш кўзда тутилган.

Жиноят кодексига тузатишлар киритиш тўғрисидаги ҳукумат фармони 13 октябр куни Эмомали Раҳмон томонидан имзоланганди.

Таҳрир қуйи палата депутатлари томонидан 26 октябрь куни маъқулланди.

"Тожикистон жиноят кодексига тинчлик ва миллий бирлик асосчиси, миллат етакчисини омма олдида ҳақорат қилганлик ёки бўҳтон уюштирганлик учун жиноий жавобгарликни кўзда тутувчи 137-модда киритилди. Унга кўра, тинчлик ва миллий бирлик асосчиси, миллат отасига нисбатан туҳмат ёки ҳақорат учун жиноий жавобгарлик белгиланади. Бу модда шунингдек, интернет, ижтимоий тармоқлар ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали ҳақорат қилганлик учун ҳам жавобгарлик киритилишини кўзда тутади", — деган юқори палата сенатори, президент аппарати ижрочи раҳбари Озода Раҳмон.

Тожикистон жиноят кодексига кўра, республика президентини ҳақорат қилганлик ёки унинг шаънига бўҳтон уюштирганлик учун айбланувчи беш йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилади. Октябрь охирида депутатлар конституцион қонунга "Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат етакчиси" мақомини киритишни бир овоздан маъқуллашганди. Улар ушбу қонунга бир нечта тузатиш киритишди, тузатишлардан бирида Эмомали Раҳмон мустақил Тожикистоннинг асосчиси деб эътироф этилади.

Мавзуга оид