Иқтисодиёт | 13:09 / 12.11.2016
5432
1 дақиқада ўқилади

ХВЖ Мисрга 12 млрд долларлик кредит тақдим қилишни маъқуллади

Фото: EPA

Халқаро валюта жамғармаси Мисрга 12 млрд долларлик кредит беришни маъқуллади. Бу ҳақда 11 ноябрда Қоҳирада Миср молия вазири Амир ал-Гархий маълум қилди. 

ХВЖнинг бу кредити уч йилга мўлжалланган бўлиб, Миср ҳукуматининг иқтисодий ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Кредитнинг бир қисми савдо банклари орқали тақдим қилинади.

ХВЖ матбуот хизмати жамғарма директорлар кенгаши 2,75 млрд долларлик биринчи траншни ўтказишга рухсат берганини маълум қилди. 

"Қолган маблағлар дастурнинг бажарилиши давомида бешта кузатув миссияси ўтказилиши шарти билан босқичма-босқич ўтказиб берилади", дейилди хабарда. 

MENA ахборот агентлигининг хабар беришича, Миср марказий банки раҳбари Тарик Амир Миср кредитнинг биринчи траншини олганини маълум қилган. Амирнинг айтишича, кредит 4 та транш билан ўтказилади.
 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид