14:01 / 17.11.2016
10530

Ўзбекистонда президентлик сайлови халқаро кузатувчилар нигоҳида

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатишда Марказий сайлов комиссиясининг таклифига биноан, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ШҲТ, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, МДҲ Ижроқўми миссиялари, Осиё, Европа, Африка ва Америка қитъасининг қирқдан ортиқ мамлакатларидан хорижлик экспертлар иштирок этади. Бугунги кунда уларнинг аксарияти сайлов жараёнини бевосита мамлакатимиз ҳудудларида, чет давлатлардаги ваколатхоналаримизда тузилган сайлов участкаларида кузатиб боришмоқда.

Хенрик ВЕСТЕРБИ,
ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси аъзоси:

— Ўзбекистон сайлов қонунчилиги билан танишдим. Ҳозирги вақтда сайлов комиссиялари, давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг Президент сайловига тайёргарлик кўришга оид фаолиятини ўрганаяпмиз, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан сайлов жараёнини ёритиш бўйича ишлари юзасидан суҳбатлашмоқдамиз. Шуни алоҳида қайд этишни истардимки, биз сайлов кампаниясини кузатиш асносида нафақат сиёсий тадбирнинг миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро сайлов стандартларига мувофиқлигини баҳолаймиз, айни пайтда ўзимиз ҳам тажриба тўплаяпмиз.

Йоэль РАЗВОЗОВ,
Исроил Кнессети депутати:

— Сайловларни эркин ва ҳалол ўтказиш фуқаролик жамиятининг мамлакат сиёсий тизимига ишончини мус¬таҳкамлаш воситаси бўлиб хизмат қилади. Республикада номзодларни кўрсатиш ҳамда рўйхатга олиш Конституция доирасида Марказий сайлов комиссиясининг Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига мувофиқ ўтказилди. Давлат бошлиғи лавозимига номзодларга ўз дастурини оммавий ахборот воситаларида, сайловчилар билан учрашувларда илгари суриш учун тенг имкониятлар яратиб берилган. Уларнинг сайлов штаблари аҳоли ўртасида фаол сайловолди ташвиқотини олиб бормоқда. Сайловчилар сайлов кампаниясининг барча тадбиридан хабардор эканлиги, улар ўз конституциявий ҳуқуқларини чуқур билишини алоҳида айтиб ўтишни истардим.

Хилел НЬЮМАН,
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги стратегик ¬тадқиқотлар департаменти сектор бошлиғи:

— Ҳозирги кунда халқаро ҳамжамиятнинг эътибори Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясига қаратилган. Бу бежиз эмас. Чунки Ўзбекистон Марказий Осиёда аҳоли сони кўплиги бўйича энг йирик мамлакат сифатида минтақа ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий ривожланиши ва хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Айнан шу омиллар сабаб ҳам дунё жамоатчилиги томонидан Ўзбекистондаги сайловларга алоҳида қизиқиш билан қаралмоқда. Сайловолди кампаниясида барча сиёсий партиялар иштирок этаяпти. Бу эса сиёсий рақобат мавжудлиги ҳақида сўз юритиш учун асос бўлади. Сайлов қонунчилиги эркинлаштирилгани, партияларга ҳокимият учун кураш ҳуқуқи берилгани, фуқаролик жамияти инс¬титутларининг сайлов жараёнига фаол жалб қилингани, кўп сонли халқаро кузатувчилар аккредитациядан ўтказилгани ҳам Ўзбекистоннинг демократия ва очиқликни таъминлаш борасида дадил бораётганидан ¬далолатдир.

Рафаэль БУЭНО,
“Casa Asia” сиёсий, ижтимоий ва таълим дастурлари институти директори (Испания):

— Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида мамлакатингиз тарихан қисқа даврда улкан марраларни қўлга киритишга муваффақ бўлди. Бу борада юртингиздаги барқарорлик, тинчлик, жадал ривожланаётган иқтисодиётингизни алоҳида кўрсатиб ўтган бўлардим. Ўтган даврда демократиянинг асосий кўринишларини, яъни эркин сайловлар институти, шаффоф сайлов тизими, кўппартия¬вийлик ва миллий парламентни мустаҳкамлаш учун муҳим ҳуқуқий асослар яратилди. Шу йилнинг 4 декабрь куни бўладиган Президент сайлови ҳам Ўзбекис¬тоннинг истиқболдаги ривожланишида янги босқични бошлаб бериши билан аҳамиятлидир. Ўзбекистон ¬халқи демократик тамойилларга мувофиқ ҳолда равнақ ¬топаётган ўз давлатининг барқарор ва жадал тараққиёти учун овоз беради.

Мария Людовика
БОТТАРЕЛЛИ ТРАКУИЛЛИ-ЛЕАЛЕ,
“Европа аёллари лоббиси” ташкилотининг Италия бўлинмаси бош котиби:

— Ўзбекистонда аввалги сайловларда кузатувчи сифатида қатнашиб, Биринчи Президент Ислом Каримов бошчилигида замонавий демократик институтларнинг ҳуқуқий механизмларини шакллантириш борасида олиб борилган чора-тадбирлар, саъй-ҳаракатлар билан танишиш имконига эга бўлганман. Ўзбекистон фуқаролари сайлов қонунчилиги доирасида ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан танишиб бориши учун барча зарур чоралар кўрилган.
Европа фуқаролик жамияти ташкилотлари вакили, қолаверса, хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш йўлида иш олиб бораётган киши сифатида шуни айтишим керакки, ўзбек аёлларининг сайлов комиссиялари ишида фаол қатнашишидан ҳар доим ҳайратланаман. Бундан ташқари, сайлов участкаларида ёш болали оналарга, умуман, ўз сайлов ҳуқуқини амалга ошириш учун келганларга биринчи тиббий хизмат кўрсатиш ¬имконияти яратилган. Сайловда иштирок этаётган ¬халқаро кузатувчилар орасида фуқаролик жамияти ¬институтлари вакилларининг кўплиги ҳам мамлакатингизда замонавий демократик давлатни барпо қилишга нечоғли катта аҳамият берилаётганидан далолатдир.

Жо ДАНИЭЛ,
“Cloud-Fi Inc.” компаниясининг
бош ижрочи директори (Канада):

— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш Канада парламенти қуйи палатасининг собиқ аъзоси сифатида мен учун катта шараф. Авваламбор, Биринчи ¬Президент Ислом Каримовнинг беқиёс хизматларини алоҳида қайд этишни истардим. У Буюк Йўлбошчи ¬сифатида ўзидан саноат, таълим, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа соҳалар жадал ривожланаётган барқарор давлатни қолдирди. Бу омиллар мамлакатни янгилаш ҳамда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш борасида бошланган ўзгаришларни давом эттириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Ўйлайманки, Ўзбекистон салоҳияти мамлакатдаги сиёсий плюрализмга асосланади ва бу аҳолининг турли қатламларига давлат ҳамда жамият ҳаётининг долзарб масалаларини ҳал қилишда иштирок этишига кенг имконият яратади. Демократик сайловларни ўтказишда халқаро кузатувчилар муҳим роль ўйнайди. Шу сабабли Ўзбекистоннинг Президент сайловини умумэътироф этилган халқаро андозаларга мувофиқ ҳолда ўтказишга тайёрлиги юксак эътирофга лойиқ. Мамлакатдаги сайлов жараёнини бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари билан бир қаторда, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси тўлақонли миссияси кузатиб бораётгани ҳам қувонарлидир. Бу муҳим қарор бўлиб, пировардида сайлов жараёнининг холислигини таъминлайди, унга кенг жамоатчиликнинг ишончини мустаҳкамлайди.

«Жаҳон» АА
материаллари асосида тайёрланди.

Top