Ўзбекистон | 18:06 / 18.11.2016
6378
1 дақиқада ўқилади

ИҲТга янги бош котиб тайинланди

17 ноябрь куни Ўзбекистон делегацияси Макка шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон раислигида бўлиб ўтган мазкур мажлисда ИҲТга аъзо мамлакатлар ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ташкилот Бош котиблигига Саудия Арабистони томонидан таклиф қилинган Юсуф бин Аҳмад ал-Усаймин номзоди юзасидан фикр алмашдилар. Юсуф бин Аҳмад шу кунгача Бош котиб маҳкамаси директори ва бош маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келмоқда.

Сессияда Юсуф бин Аҳмад ал-Усаймин ИҲТ Бош котиби сифатида тасдиқлади ҳамда Ияд Амин Маданийга Бош котиб лавозимидаги кўп йиллик самарали меҳнати учун миннатдорчилик билдирилди.

Саудия Арабистони ташаббусига биноан ТИВК сессияси Яман ҳудудидан Макка томонга баллистик ракета учирилиши муносабати билан резолюция қабул қилди.

Мавзуга оид