16:04 / 22.11.2016
9974

Демократия эркин сайловларнинг муҳим омили

Демократик сайловларни инсон ҳуқуқлари, сўз ва ахборот эркинлиги, уюшиш ҳуқуқи кафолатларисиз тасаввур қилиш мушкул. Ушбу ҳуқуқларнинг таъминланиши сайлов кампанияси самарадорлиги ҳамда сайловчининг эркин ва онгли равишда қарор қабул қилишининг асоси ҳисобланади.

Бу борада нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти ҳамда уни ташкил қилишни ўз ичига оладиган фуқароларнинг уюшиш ҳуқуқи муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда ННТ сайлов кампаниясининг фаол иштирокчиси сифатида сиёсий тадбирнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш омилига айланган.

Биринчидан, бугун улар сайлов жараёни барча иштирокчисининг ҳуқуқий ҳамда электорал маданиятини ошириш бўйича кенг миқёсли ишларни бажармоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари Марказий сайлов комиссияси томонидан жорий  йилнинг 7 октябрида тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчилар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар дастури ижросида салмоқли ўрин тутмоқда.

Аҳоли билан ишлашда катта тажрибага эга бўлган жамоат бирлашмалари биргина сайлов кампанияси бошланганидан бери давлат органлари, таълим муассасалари билан ижтимоий шерикликда 37 мингдан зиёд тадбирларни ташкил этди. Уларнинг 27 мингдан ортиғи анжуман, давра суҳбати, семинар-тренинг ва учрашувлар шаклида ўтказилиб, аҳолининг барча қатлами, шу жумладан, хотин-қизлар, ёшлар, меҳнат фахрийлари, жисмоний имконияти чекланган шахслар, ҳарбийлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, меҳнат жамоалари аъзолари, таълим муассасалари ўқувчилари, юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ҳамда элатлар вакиллари қамраб олинди.

Иккинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари округ ва участка сайлов комиссиялари таркибида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тадбирларида фаол қатнашмоқда. Масалан, округ сайлов комиссиялари аъзоларининг 23,4 фоизи ННТ вакиллари бўлиб, улар орасида комиссия раислари, раис ўринбосарлари ва котиблари бор.

Участка сайлов комиссиялари таркибида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолларининг улуши 10 фоиздан ортиқни ташкил қилади. Жумладан, уларнинг 4778 нафари хотин-қизлар қўмиталари, 2321 нафари касаба уюшмалари, 3395 нафари “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари ҳисобланади.

Учинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда ўтказишнинг бориши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатган. Хусусан, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнини атрофлича ўрганиб, аҳолини қонун талабларига риоя этиш ҳақида хабардор қилиб бормоқда. Бу билан сайлов кампаниясининг демократик талабларга мувофиқ олиб борилишига кўмаклашмоқда.

Шуни таъкидлаш керакки, аввалги парламент ҳамда Президент сайловлари мониторинги натижалари жамоатчилик томонидан кенг муҳокама этилиб, сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада ривожлантиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилди.

Бундан ташқари, 37,5 минг нафар сиёсий партиялар кузатувчисининг 6 минг нафардан ортиғи нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборатдир. Улар ҳам овоз бериш ҳамда овозларни ҳисоблаб чиқиш жараёнининг шаффофлигини, қонунийлигини таъминлайди.

Шу ўринда мамлакатимизда аҳолининг кенг қатлами томонидан қўллаб-қувватланаётган мустақил ва барқарор нодавлат нотижорат ташкилотлари тизими яратилган, десак, муболаға бўлмайди. Бугун улар сайловларни адолатли, ҳаққоний ҳамда ҳалол ўтказишнинг, очиқлик ва ошкораликнинг гарови бўлиб хизмат қилмоқда. Бу юртимизда нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантириш йўлидаги демократик ислоҳотларнинг ёрқин натижасидир. Албатта, мазкур ислоҳотлар мамлакатимиз ривожланишининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда, тизимли, изчил ҳамда босқичма-босқич амалга оширилди. Бинобарин, жамият ва давлат қурилишининг барча жабҳасидаги демократлаштириш ҳамда модернизациялаш жараёни аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий онги юксалишига туртки берди.

Ушбу демократик ўзгаришларни шартли равишда қуйидаги босқичларга бўлиш мумкин.

Биринчи босқич, бу – 1991 – 2000 йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ташкил қилишнинг қонунчилик асоси яратилган даврдир. Айни пайтда нодавлат нотижорат ташкилотларининг турли ташкилий-ҳуқуқий шакллари – жамоат бирлашмалари, оммавий ижтимоий ҳаракатлар, касаба уюшмалари ва бошқалар ривожланиши ҳамда фаолиятининг конституциявий асослари шакллантирилди ва ҳуқуқий кафолатлари мустаҳкамланди. Конституциямизнинг 32-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи кафолатланган. Бунда фуқароларнинг жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқини амалга оширишига кўмаклашиш давлатнинг конституциявий мақомдаги вазифасига айланди (34-модда).

Конституциямизнинг XIII боби айнан нодавлат нотижорат ташкилотларига бағишлангани ҳам бу соҳадаги конституциявий ислоҳотларнинг амалий ифодаси саналади. У фуқароларнинг нодавлат нотижорат ташкилотларини ташкил қилишга бўлган ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг қонуний негизидир.

Мамлакатимизда конституциявий қоида ҳамда кафолатларга мувофиқ ва умумэътироф этилган демократик стандартларга жавоб берадиган “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги (1991 йил), “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги (1992 йил), “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги (1999 йил) ва бошқа қонунлар қабул қилинди.

Иккинчи босқичда, яъни 2000 – 2010 йилларда нодавлат нотижорат ташкилотларининг мамлакатни демократлаштириш жараёнидаги роли кучайди, уларни моддий ҳамда молиявий қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий механизмлари такомиллаштирилди. Бунда ННТ мустақиллигини амалда таъминлайдиган миллий инфратузилмага асос солинди. Зеро, эркин, етарли даражада молиявий ресурсларга ва молиялаштиришнинг мустақил манбаларига эга бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларигина ўз мақсад ҳамда вазифаларини самарали бажариши мумкин.

Мазкур даврда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш тизими шаклланди. Фуқаролар ижтимоий-сиёсий фаоллиги ўсиши, миллий ўзликни англаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ҳамда маънавияти юксалиши натижасида ННТ ўз манфаатларини илгари суриш мақсадидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштирди. Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди тузилди. Бу тузилмалар жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлаш, сиёсий ва ижтимоий соҳада давлат органлари билан ўзаро тийиб туриш тамойилини жорий қилиш, демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоялашда нодавлат нотижорат ташкилотларининг мавқеини юксалтириш имконини берди. “Жамоат фондлари тўғрисида”ги (2003 йил), “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги (2007 йил), “Ҳомийлик тўғрисида”ги (2007 йил) ва бошқа қонунлар қабул қилинди.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 23 июндаги “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ҳаётга татбиқ қилиниши нодавлат нотижорат ташкилотларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг институционал асосларини янада такомиллаштиришга, уларнинг жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришдаги ҳуқуқларини, ваколатларини кенгайтиришга хизмат қилди.

Мазкур ҳужжатга кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ННТнинг фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга, фаровонлигини оширишга, мамлакатимизни социал-иқтисодий ҳамда ижтимоий-сиёсий ривожлантиришга қаратилган фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва кўмаклашиш вазифаси юклатилди.

“Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун билан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг асосий кафолатлари сифатида фаолият эркинлиги, ахборотдан фойдаланиш, ишчанлик обрўсини, интеллектуал фаолият натижаларини, давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан ҳамда улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигидан ҳимоя қилиш ҳуқуқи белгилаб қўйилди. Ушбу ҳужжат билан давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклида қўллаб-қувватлаши мумкинлиги ўз ифодасини топди.

Мазкур қоидаларни рўёбга чиқариш мақсадида 2008 йилда Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг “Нодавлат нотижорат ташкилотларини, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди. Унга биноан, олий қонун чиқарувчи орган ҳузурида Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди, шунингдек, Фонд маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси ташкил этилди. Парламент комиссияси таркибига мамлакатимиздаги етакчи нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари жалб қилинди.

ННТларнинг молиявий барқарорлигини таъминлашда қонунчиликда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар белгилангани муҳим омил бўлди. Хусусан, Солиқ кодексига биноан, нодавлат нотижорат ташкилотлари юридик шахсларнинг даромадига солиқ, қўшимча қиймат солиғи, юридик шахснинг мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳамда бошқаларни тўлашдан озод қилинди.

Учинчи босқич, аниқроғи, 2010 – 2014 йиллар нодавлат нотижорат ташкилотларининг демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришдаги ҳамда давлат органлари ва ННТ ўртасида ижтимоий шерикликни мустаҳкамлашдаги роли ҳамда аҳамияти кучайган давр бўлди.

Жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳасида демократик ислоҳотлар чуқурлашиши жараёнида, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ҳамда сиёсий-ҳуқуқий маданияти юксалган бир шароитда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, уларнинг фаолиятида аҳоли турли қатламлари фаол иштироки учун қўшимча шароитлар яратиш ва ННТнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллигини изчил ошириш бўйича ишлар давом эттирилди.

Бу даврда нодавлат нотижорат ташкилотлари жамият ва давлат муносабатларининг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида шаклланиб, мамлакатда кечаётган ўзгаришлар жараёнига ўз дахлдорлигини намоён қила бошлади, юрт равнақи йўлида масъулиятли вазифаларни амалга оширишга киришди. Давлат эса нодавлат нотижорат ташкилотларини тенг ҳуқуқли шерик сифатида эътироф этди. Бунда парламент томонидан 2010 йил ноябрь ойида қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси муҳим дастуриламал бўлди. Ушбу ҳужжат асосида “Экологик назорат тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги каби қонунлар қабул қилинди. Улар ННТларнинг жадал ривожланишида катта аҳамият касб этди.

Бу борада, айниқса, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун муҳим ўрин тутади. Мазкур Қонунга кўра, давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ижтимоий-иқтисодий дастурлар, қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги ўзаро муносабатларининг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари такомиллаштирилди. Маҳаллий вакиллик органлари ҳузурида Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари шакллантирилди. Уларнинг таркибига давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари киритилди. Жамоат комиссиялари маҳаллий вакиллик ва ижро органларининг роли ҳамда масъулиятини янада ошириш, ННТнинг эркин ривожланиши, уларнинг мамлакатни янгилаш ва демократик ислоҳ этишда фаол иштирокини таъминлаш йўлида хизмат қилаяпти.

Бундан ташқари, Президентнинг 2013 йил 12 декабрдаги “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ушбу ҳужжат ижросини таъминлашга доир қарори нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатларини янада соддалаштирди. Хусусан, ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи миқдори 5 баравар, уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғимлар миқдори 2,5 баравар камайтирилди. Белгиланганидек, ногиронлар, фахрийлар, хотин-қизлар ва болалар жамоат бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи мазкур қарор билан тасдиқланган давлат божи миқдорининг 50 фоизи миқдорида ундирилади. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги мурожаатлари икки ой муддат ўрнига бир ой муддатда кўриб чиқилиши белгиланди. Шунингдек, ННТнинг таъсис ҳужжатларини расмийлаштириш тартиб-таомили соддалаштирилди. Ушбу ҳужжатларни нотариал тасдиқлаш тўғрисидаги талаб чиқариб ташланди. Ўрнатилган янги тартибга мувофиқ, мазкур ҳужжатлар илгаригидек учта нусхада эмас, балки икки нусхада ҳамда фақат давлат тилида топшириладиган бўлди. ННТни қайта рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатларни тақдим қилиш тартиби ҳам соддалаштирилгани, ортиқча ҳужжат талаб этиш шарти чиқариб ташлангани, адлия органларига ҳар чоракда ННТ раҳбар органлари томонидан қабул қилинган қарорлар ҳақида маълумот тақдим этиш амалиёти бекор қилингани мақсадга мувофиқдир. Юридик шахслар олти ой мобайнида банк ҳисобварақлари бўйича пул операцияларини ўтказиш билан боғлиқ молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган тақдирда бу уларни тугатиш учун асос бўлишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 53-моддаси қоидаси нодавлат нотижорат ташкилотларига татбиқ этилмайдиган бўлди.

Энг муҳими, ННТ фаолияти устидан назорат қилувчи орган сифатида Адлия вазирлигига нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш вазифаси юклатилди.

Ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг тўртинчи босқичи 2014 йилдан бошланади. Бу даврда нодавлат нотижорат ташкилотлари жамоатчилик назоратининг реал субъектига айланди. 2014 йилда Конституциямизнинг 32-моддасига киритилган қўшимчага биноан, жамоатчилик назорати институти конституциявий мақомга эга бўлди.

Бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлари нафақат давлат органларининг тенг ҳуқуқли шериги ҳисобланади, айни пайтда уларнинг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириб келмоқда. Бундай назорат фуқароларнинг жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини амалга ошириш, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, мансабдор шахсларнинг масъулиятини кучайтиришга қаратилгандир.

Ҳозирги вақтда “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Унда фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмларини яратиш кўзда тутилган.

Шундай қилиб, давлат нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти эркинлиги кафолатларини мустаҳкамлаш, уларни барқарор ҳамда мустақил ривожлантириш, шунингдек, ННТнинг муҳим давлат қарорларини қабул қилишдаги роли ва таъсирини кучайтириш, фуқароларнинг жамият ҳамда давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирларни босқичма-босқич амалга ошириб келмоқда.

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази тадқиқотлари шуни кўрсатаяптики, фуқароларнинг мутлақ кўпчилиги (94,3 фоизи) ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини қўллаб-қувватлайди. Сўровда қатнашган ННТ вакилларининг 95,7 фоизи эса кўрсатилаётган давлат кўмагини юқори баҳолайдилар. Уларнинг фикрича, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ННТни тенг ҳуқуқли шерик сифатида кўради, улар билан ўзаро ҳамкорлик қилади. Фуқаролар ННТ ҳамда улар фаолиятининг асосий йўналишларидан хабардор. Бунда жамоат ташкилотлари фаолиятида очиқлик ва ҳисобдорлик таъминланаётгани, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қўл келмоқда.

Шу йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиздаги нодавлат нотижорат ташкилотлари учун ҳам ўзига хос синовдир. Мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги энг муҳим тадбирда уларнинг фаол ҳамда самарали иштирок этиши нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш юзасидан олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг ёрқин амалий ифодаси бўлади.

Жаҳонгир ШИРИНОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

Top