19:29 / 22.11.2016
5203

Lufthansa авиакомпанияси учувчилар иш ташлаши сабабли 870 рейсни бекор қилди

Фото: © EPA/FRANK RUMPENHORST

Германиянинг Lufthansa авиакомпанияси учувчилар иш ташлаши сабабли 23 ноябрга белгиланган 870 рейсини бекор қилди. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати вакили ТАСС ахборот агентлигига телефонда маълум қилган.

"Дастлаб 3 мингдан камроқ рейс режалаштирганди, улардан 2,1 мингтаси амалга оширилади, тахминан 870 таси бекор қилинди", деб айтган манба. Бу ҳолат халқаро ва ички рейсларга таъсир қилган. Бекор қилинган рейслар рўйхати ҳозирча чоп этилмаган. 

Маълум қилинишича, иш ташлаш 100 минг йўловчига таъсир кўрсатади.

Иш ташлашга авиакомпаниялар ходимлари манфаатини билдирувчи Vereinigung Cockpit касаба уюшмаси чақирган. Ташкилот мавжуд тариф келишувларига ўзгартиришлар киритиш, жумладан Lufthansa авиакомпанияси, унинг шўъба авиакомпанияси Germanwings ҳамда Lufthansa Cargo юк бўлими учувчиларининг иш ҳақи 5 йил давомида 22 фоизга оширилишини талаб қилмоқда.

Жорий иш ташлаш 2014 апрелидан ўн тўртинчиси бўлади. Бу иш ташлашлардан авиакомпания кўрган зарар 300 млн евро атрофида баҳоланмоқда.

 

Top