Жаҳон | 20:42 / 26.11.2016
9373
3 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Куба муносабатларини нималар кутмоқда?

Фото: amazinavenue.com

Куба инқилоби етакчиси Фидель Кастронинг ўлими Ҳавана ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларни яхшилаш йўлида тўсиқ ҳосил қилиши мумкин. Бу ҳақида Испаниянинг El Pais газетаси хабар берди

"Фидель Кастронинг ўлими АҚШ ва Куба ўртасидаги муносабатларнинг бундан кейин нормаллашувига доир масалаларга ноаниқлик киритади. Бу муносабатлар АҚШ президентлиги сайловларида республикачи Дональд Трампнинг ғалабасидан кейин шундоқ ҳам катта сўроқ остида қолганди. Американинг янги сайланган президенти, демократ Барак Обама томонидан бошлаб берилган Ҳавана билан муносабатларни давом эттириш ёки уларга чек қўйиш борасида қарор қабул қилишига тўғри келади", - дея таъкидланади нашрда. 

Манбада қайд этилишича, Фидель Кастро ўз вақтида укаси - Рауль Кастронинг АҚШ билан дипломатик алоқаларни йўлга қўйиш ташаббусига қаршилик қилмаган. Бироқ мақолада келтирилишича, бу Куба раҳбариятида ушбу ташаббусни ҳамма бирдек қўллаб-қувватлаганини билдирмайди. 

Ўз навбатида, Трамп сайлов олди кампаниясида Ҳавана билан муносабатларнинг тикланишини хато деб атади. У Ҳаванада демократик ўзгаришлар юз бергунга қадар АҚШнинг Кубага нисбатан жорий қилинган барча чеклов чораларининг сақланиб қолиш тарафдори.

El Pais Дональд Трамп ўз лавозимига киришганидан кейин Кубага нисбатан муносабатини ўзгартирмаслигига ишора қилди. Бу бўлғуси маъмуриятнинг Кубага қарши эмбаргони давом эттириш тарафдорларидан тузилаётганлиги билан изоҳланди. 

26 ноябрь куни Кубанинг ҳозирги етакчиси Рауль Кастро акаси Фиделнинг 90 ёшда вафот этганлиги ҳақида эълон қилди. 

АҚШ ва Куба ўртасидаги муносабатлар Барак Обаманинг ҳукумат тепасига келганидан кейин яхшилана бошлади. Америка раҳбари март ойида Кубага ташриф буюрди ва у ерда мамлакат етакчиси Рауль Кастро билан учрашди. Бу 1928 йилдан буён АҚШ президентининг ушбу оролга илк ташрифи бўлди. Бугунги кунда Американинг кўплаб компаниялари Куба бозорига тўғридан-тўғри чиқа бошлашди. Бироқ оролда бунга нисбатан чекловлар ҳали ҳам қисман сақланиб қолган. 

 

Мавзуга оид