Жамият | 08:19 / 01.12.2016
17370
2 дақиқада ўқилади

Чеченистонда спиртли ичимликлар сотилувчи барча дўконлар ёпилди

Чеченистонда рўй берган йирик ЙТҲдан сўнг спиртли ичимликлар сотилувчи барча савдо нуқталари ёпилди, деб хабар қилди Чеченистон парламенти раиси, ЙТҲни олдини олиш тезкор штаби раҳбари Магомед Даудов.

“Кавказ” трассасида юз берган сўнгги автоҳалокатдан сўнг алкоголь маҳсулотлари савдоси билан шуғулланган ишбилармонлар ўз фаолиятидан ихтиёрий равишда воз кечишди”, - деди Даудов республика раҳбари Рамзан Қодиров билан йиғилиш чоғида.

Парламент спикерининг сўзларига кўра, Чеченистонда спиртли ичимликларни сотишга мўлжалланган 20 та савдо нуқтаси бўлган. “Энди ҳудудда алкоголь сотилувчи биронта дўкон йўқ”, - деди Даудов. 

Қодировнинг таъкидлашича, маст ҳолатда рулга ўтирган ҳайдовчи энг қаттиқ жазога тортилиши лозим. 

Эслатиб ўтамиз, республика раҳбарининг ўзи ноябрь охирларида рўй берган мудҳиш ЙТҲ ҳақида хабар берди. Маълум бўлишича, Чеченистондаги “Кавказ” федерал трассасида маст ҳолда бўлган Ford ҳайдовчиси қарама-қарши йўлга чиқиб кетиб, Lada Priora билан тўқнашиб кетган. Оқибатда етти киши, жумладан икки нафар вояга етмаган бола ҳалок бўлган, яна икки киши оғир аҳволда касалхонага олиб кетилган.
 

Мавзуга оид