21:34 / 03.12.2016
8378

Эронда АҚШдан маҳсулотлар импортини тақиқловчи қонун қабул қилинди

Фото: © AP

Эрон парламенти АҚШдан кенг истеъмол маҳсулотлари импорт қилишни тақиқловчи қонунни қабул қилди. Бу ҳақда Эрон телевидениеси маълум қилди.  

"АҚШ конгресси сенати томонидан Д'Амато қонуни (1996 йилги "Эронга нисбатан санкциялар тўғрисида"ги қонун) муддатининг узайтирилишига жавобан Эрон парламенти АҚШдан кенг истеъмол маҳсулотлари импорт қилишга тақиқлов киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилди", деб айтилди хабарда. Хабарда депутатлар "АҚШ конгресси томонидан Эронга нисбатан доимий адоват ва Эрон ядровий дастури бўйича кўп томонлама келишув доирасидаги мажбуриятларини инобатга олмасликни ҳисобга олиб"  қонун лойиҳасини бир овоздан қабул қилганлари маълум қилинган. 

Теҳронлик депутат Беҳруз Неъматийнинг телевидениега маълум қилишича, "шунингдек, бошқа чоралар ҳам кўрилади".

1 декарбда АҚШ сенати аввал вакиллар палатаси маъқуллаган Эронга қарши санкциялар ҳақидаги қонуннинг муддатини 10 йилга узайтириш ҳақидаги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Бу қонуннинг муддати 31 декабрда тугаши керак эди. Кутилишича, АҚШ президенти Барак Обама тақиқлов қўйиш ҳуқуқидан фойдаланмай, ушбу қонунни яқин кунларда имзолайди.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги санкцияларнинг узайтирилишини жорий йилнинг 16 январида амал қилиши бошланган ядровий келишувнинг яққол бузилиши деб баҳолади. 

 

Top