23:02 / 04.12.2016
68368

Сайлов якунланди. Натижалар қачон?

Ўзбекистонда президент сайловида овоз бериш жараёни якунланди. Эндиликда, комиссия аъзолари овозларни ҳисоблашга киришишган. Сайловчилар эса натижаларни кутмоқда.

Овоз беришлар тўхтатилган соат 20:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистон Президенти сайловида овоз берган сайловчилар сони 17 миллион 941 минг 955 нафарни ёки рўйхатга олинган барча фуқароларнинг 87,83 фоизини ташкил этди.

Сайлов учун Ўзбекистонда 9383та сайлов участкаси очилган. Хориждаги ўзбекистонликлар учун эса 44та сайлов участкаси фаолияти йўлга қўйилган. Айни вақтда хориждаги сайлов участкаларининг 27тасида овоз беришлар якунланди. Шу билан бирга Ўзбекистоннинг хориж мамлакатларида жойлашган қатор сайлов участкаларида овоз бериш жараёни давом этмоқда.

Аввал айтилганидек, сайловнинг дастлабки якунлари 5 декабрь, душанба куни эълон қилинади.

«Эртага, 5 декабрь куни соат 16:00 да ўтказиладиган брифингда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг дастлабки натижалари эълон қилинади», — деган Марказий сайлов комиссияси раиси.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари тўғрисидаги ахборот сайловдан кейин 10 кундан кечиктирмай Марказий сайлов комиссияси томонидан матбуотда эълон қилинади. Лекин одатда сайлов натижалари сайлов ўтгандан сўнг 1 сутка ичида эълон қилинади.

Сайлов натижалари расман эълон қилингач, 2 ой ичида янги президент инаугурацияси ташкил этилади. Давлат раҳбари ҳар бири 5 йил муддатдан икки маротабадан ортиқ сайлана олмайди.

Ўзбекистон Президенти сайловида 4 номзод – Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Сарвар Отамуратов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Хатамжон Кетмонов, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Наримон Умаров иштирок этди.

Top