Фан-техника | 19:56 / 05.12.2016
6490
2 дақиқада ўқилади

2018 йилда ҳинд компанияси Ойга биринчи ўзиюрар қурилма юбормоқчи

Фото: AXIOM RESEARCH LABS PVT. LTD.

2018 йилда хусусий ҳинд компанияси Team Indus Ойга биринчи ўзиюрар автоматик қурилма (луноход) юбориб, тадқиқот ўтказмоқчи. Бу ҳақда Wall Street Journal нашри хабар бермоқда

Компания Ҳиндистон коинот тадқиқотлари миллий агентлиги ISRO билан бирга ракета-ташувчини учиришга келишиб олди. Компанияга ракетани учириш учун 2017 йилнинг 28 декабридан бошлаб уч кун берилади. Коинот қурилмаси Ой сиртига 2018 йил 26 январда қўниши керак.  

Қурилманинг парвози учун 60 млн доллар сарфланади. Улардан 20 млни университетлар ва хусусий тузилмалардан олинади. Қолган маблағ ҳомийлар томонидан қопланади.

Қурилма Ойга қўнгандан кейин 500 метрча юриб, ён-атрофни суратга ва видеога олиб, уларни Ерга юбориши керак. Агар қурилма буни уддалай олса, унда Team Indus Google Lunar XPRIZE мукофотида ғалаба қилиб, Google компаниясидан 30 млн доллар мукофот пули олади.

Маълумот учун, Team Indus компанияси идораси Нью-Деҳлида жойлашган. Компания ходимлари сони 85 кишидан иборат. Google Lunar XPRIZE мукофотини Google ва X Prize жамғармаси 2007 йилда таъсис этган. Мукофот юқорида келтирилган шартларни қаноатлантирувчи луноходни яратган жамоага топширилади.

 

Мавзуга оид