Ўзбекистон | 21:39 / 05.12.2016
15393
2 дақиқада ўқилади

ЕХҲТ: Ўзбекистондаги сайловлар кенг қамровли ислоҳотлар зарурлигини кўрсатди

Ўзбекистонда бўлиб ўтган президент сайлови тизимли камчиликларни бартараф этиш учун кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилиши зарурлигини кўрсатган. Бу ҳақда ЕХҲТ сайлов кузатиш миссияси раҳбари Питер Тейлер айтиб ўтган.

"4 декабрь куни Ўзбекистонда бўлиб ўтган сайлов шуни кўрсатдики, тизимли камчиликларни тузатиш учун кенг қамровли ислоҳотлар ўтказиш зарур", — деган Тейлер сайлов якунларига бағишланган матбуот анжумани вақтида.

ЕХҲТ кузатиш миссияси сайлов раҳбарияти ўз ишида ошкораликни ошириши ва сайловлар керакли даражада ўтказилиши учун кўплаб чораларни кўриши зарурлигини қайд этиб ўтган.

Ўзбекистонда президент сайлови 4 декабрь куни ўтказилди. Сайловда Либерал-демократик партия номзоди Шавкат Мирзиёев 88,61 фоиз тўплаган ҳолда ғалаба қилиб, республиканинг иккинчи президентига айланди.

Сайловдаги давомат 87,83 фоизни ташкил қилди, яъни сайловда МСК томонидан рўйхатга олинган 20,429 миллион кишидан 17,942 миллион нафари қатнашган.

Сайлов жараёнини дунёнинг 44 мамлакати ҳамда МДҲ, ЕХҲТ, ШҲТ, ИҲТ ва Бутунжаҳон сайлов органлари ташкилотининг 500дан ортиқ кузатувчилари кузатиб боришди.

Мавзуга оид