16:51 / 05.12.2016
7240

ОАВ: Токио Хитойни бозор иқтисодиётига эга давлат деб тан олмайди

Япония ҳукумати Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) мезонлари асосида Хитойни бозор иқтисодиётига эга давлат деб эътироф этмасликка қарор қилди. Бу эса ўз навбатида Пекинга нисбатан турли савдо чекловлари киритишни ва аксилдемпинг тўловларини жорий қилишни қулайлаштиради. АҚШ ва ЕИ ҳам худди шундай қарашни эгаллайди, деб ёзмоқда Япониянинг энг йирик "Иомиури" нашри.

ЖСТ қоидаларига кўра, "бозор иқтисодиётига эга бўлмаган давлат"ни белгилаш  мезонига миллий саноатни ҳимоя қилиш учун ҳукумат субсидиялари мавжудлиги, экспортни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кабилар киритилади. Бу ўз навбатида шу каби мамлакат маҳсулотларига аксилдемпинг тўловларни жорий қилиш ва бошқа турдаги қарши чораларни кўришга асос бўлади, деб ёзади "Иомиури" нашри.

Ҳозирда ХХР ўзининг металлургия ва кимё саноати маҳсулотларини кенг миқёсда экспорт қилмоқда. Айни шу нарса глобал миқёсда нархларни туширмоқда. Япония ҳукумати шу муносабат билан Хитойнинг уч тоифадаги маҳсулотларига нисбатан аксилдемпинг тўловларни жорий қилди. 

Аммо, деб ёзади газета, Хитойни "бозор иқтисодиётига эга бўлмаган давлат" сифатида тан олиш Пекин норозилигига сабаб бўлиши ва Хитой билан муносабатларда муаммоларни пайдо қилиши мумкин. 

Top