Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трампнинг яқин иттифоқчиси Миллий разведкага раҳбарлик қилади
АҚШ президенти Дональд Трамп Миллий разведка директори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тадбиркор Билл Пултени тайинлади. У махсус хизматларда ишлаш тажрибасига эга эмас, аммо Трампнинг яқин иттифоқчиларидан бири ҳисобланади.
АҚШ президенти Дональд Трамп Миллий разведка директори лавозимидан кетган Тулси Габбард ўрнига вақтинча раҳбар сифатида 38 ёшли тадбиркор Билл Пултени тайинлади.
Трампнинг таъкидлашича, Пулте молиявий бозорлар барқарорлигини таъминлаш ва Fannie Mae ҳамда Freddie Mac ипотека агентликларида триллионлаб долларлик активларни бошқариш бўйича катта тажрибага эга.
Шу билан бирга, Билл Пулте махсус хизматлар ёки разведка соҳасида ишлаган эмас. У АҚШнинг 18 та разведка идораси фаолиятини доимий раҳбар тайинлангунга қадар мувофиқлаштириб боради.
Пулте ҳозирги лавозимларини ҳам сақлаб қолади. Трамп Оқ уйга қайтгач, у Федерал уй-жой молиялаштириш агентлиги (FHFA) раҳбари этиб тайинланган эди. Шунингдек, у давлат ипотека ташкилотлари — Fannie Mae ва Freddie Macʼга ҳам раҳбарлик қилиб келмоқда.
Айрим Америка оммавий ахборот воситалари Пултени Трампнинг «ҳужумкор ҳимоячиси» деб атамоқда. У бир неча бор Трампнинг сиёсий рақибларини оммавий танқид қилиб чиққан.
Аввалроқ Миллий разведка директори лавозимида ишлаган Тулси Габбард 22 май куни истеъфо бериш ҳақида ариза ёзган. У қарорини турмуш ўртоғининг соғлиғи билан боғлиқ сабаблар билан изоҳлаган.
Бироқ Америка ва Британия нашрлари маълумотларига кўра, Габбарднинг АҚШ маъмуриятининг Яқин Шарқ сиёсати, хусусан Эрон масаласидаги қарашлари Оқ уй позицияси билан тўлиқ мос келмаган.