Спорт | 20:14 / 05.12.2016
8655
13 дақиқада ўқилади

Ўйин таҳлили: «Сити»ни енгган «Челси» чемпионликка асосий даъвогарми?

Битта гапга қўшиламан: «Челси» АПЛда чемпионлик учун энг асосий даъвогар. Ростан ҳам айнан Антонио Конте жамоаси қисқа вақтда кўрсатган ўйинлари билан бунга тез ишонтира олди. Олтита ўйинда бирорта гол ўтказмасдан ғалаба қозонган жамоа, тушунарлики, энг яхши спорт формасида, ўйин ўхшаб турибди. Жамоа устунлик қилиб ғалаба қозоняпти. Лекин ҳар бир жамоада бўлгани каби пасайиш даври кузатилганда, ёки умуман ўйин чиқмаганда «Челси» қанақа кўринишда бўлади? Айнан мана шу савол охирги икки ўйиндан олдин долзарб бўлиб турганди. Конте кўрсатдики, жамоа ҳар қандай шароитга тайёр. Жамоа ўйинни тактик жиҳатдан ютқазиб ҳам натижа эриша олишини исботлади. «Тоттенҳэм»га қарши биринчи бўлим, «Сити» билан бутун ўйинни тактика жиҳатдан бой берган жамоа, натижа жиҳатдан максимал очко билан чиқиб кетди.

Албатта, «Сити»га қарши ўйинда «Челси» қарши ҳужумда ўйнади, вазиятлардан фойдаланди, яъни жамоанинг бу ўйинга танлаган тактикаси шунақа эди, дейишингиз мумкин. Лекин лондонликларнинг биринчи голигача бўлган вазиятларни кўриб чиқсак, бундай хулосага келмаймиз. «Манчестер Сити» ҳимояга ётиб олган жамоа мудофаасини ёриб ўтишга, вазият яратишга қийналмади. Гвардиола жамоасида ҳаммаси ўхшади. Вазиятлар яратилди. Рақиб ҳимоясидаги қўпол хатолардан фойдаланиш имконияти бўлди. Лекин улардан фойдаланишда жамоага омадми, билмадим хуллас, якун етишмади. Гап бу ерда фақатгина «Сити»нинг вазиятлар яратганида эмас, балки мақталган «Челси» ҳимоясини бир неча марта осонлик билан бузиб ўтганида, голли вазият яратгандаям юз фоиз гол бўлиши керак бўлган вазиятларга эга бўлганида. Де Брюйне ёки Агуэрода юзага келган вазиятларни эсланг. Сўнгги зарбадан бошқа ҳаммаси идеал кўринишда амалга оширилди. Фақат шунчаки тўп дарвозага киритилмади. Агар ўша гол бўлишидан кўра, бўлмаслиги қийинроқдек кўринган вазиятлардан Гвардиола жамоаси фойдаланганда бугунги мақоламизда Конте сўзи бу қадар кўп ишлатилмасди, менимча.

Рақиб вазиятлардан фойдалана олмагани бу «Челси»нинг айби эмас. Контенинг ютуғи ҳам шунда эдики, жамоа мана шундай ҳолатга тушиб қолганида (плюс ҳисобда ортда қола туриб) ҳам ўзига келишни уддалади. Керакли натижани қўлга кирита олди.

Ўйин чизмаси

Энди бевосита ўйин ичига киришга ҳаракат қиламиз. Конте кутилганидек ўзига 7 учрашувдан буён ғалаба келтираётган ўйин услубида учрашувни бошлади. Биргина «сюрприз» майдонга туша олмаслиги маълум бўлган Матич ўрнида Фабрегас пайдо бўлди. Хосеп Гвардиоланинг асосий ўйин ғояларида 4-3-3 чизмасидан фойдаланишига қарамай, бу сафар жамоа рақибдан келиб чиқиб унга контртактика режаси бўйича 3-4-3 схемасидан фойдаланди. Бу Гвардиоланинг АПЛда бор-йўғи иккинчи марта қўллаётган услуби бўлса ҳам, муҳим ўйинда Пеп таваккалга боришдан чўчимади. Ҳозирча бутун жамоада иккитагина ҳақиқий марказий ҳимоячига эга бўлган Гвардиола учинчи марказий ҳимоячи ролига мавсум бошидан буён кўп фойдаланаётгани Александр Коларовдан фойдаланди.

Конте 3-4-3 схемасидан, Гвардиола фойдаланган «3-4-3» фарқи шунда эдики, зарурият туғилиб, худди шу таркибдан, мисол учун, 4-3-3 схемасини тузиш керак бўлиб қолса, Контеда барча футболчи ўзи ўрганган позицияда жойлашиб ўйинни давом эттира олиши мумкин эди. Яъни таркибда ҳақиқий тўртта ҳимоячи бор эди. Аспеликуэта марказий ҳимояга яқинроқ, Алонсо чап қанот яримҳимоясига яқинроқ ўйнаётган бўлсада, аслида улар бутун фаолиятини қанот ҳимоячилари сифатида ўтказишган. Тўртта ҳимоя билан ўйнаган жамоа таркибида қанот ҳимоясида пайдо бўлган. Бу тарафдан Гвардиола жамоасида эса иккита марказий ҳимоячи, фаолиятини катта қисмини рақиб жарима майдони яқинида ўтказган Коларов бор эди, холос. Ҳимояга ёрдам бериши керак бўлган икки қанот вакили Сезар Навас ва Лерой Санелар эса одатда 3та ҳужумчи бўлиб ҳаракат қилганда қанот вингерлари сифатида ўйнаган бўлиши мумкин, лекин ҳеч қачон ҳимояга ёрдамчи куч сифатида фойдаланилмаганди. Вақти келганда ҳужумчи амплуасида ўйнаган олти нафар футболчи бир вақтнинг ўзида майдонга туширилди. Бир сўз билан айтганда «Сити»да таркиб суперҳужумкор кўриниш олганди.

Биринчи бўлим

Ўйиннинг бошидан манчестерликлар ҳужумга кўпроқ эътибор қаратди. Айниқса Де Брюйне тўп сурадиган жамоада (Де Брюйненинг энг яхши (сермаҳсул) ўйинлари айнан у марказда, ўнг қанотга яқин, яримқанот ўйинчиси сифатида номинал ўнг қанот вакили билан ўзаро шерикликда ўйнаганлари бўлиб турибди)  асосий устунлик бўладиган ўнг қанотдан жамоа тинмасдан вазиятлар яратишга уринди. Қуйида берилган тасвир ҳам учрашувнинг биринчи бўлимидан олинган. Унда «Манчестер Сити» ташкил қилган ҳужумларнинг фоизини кўришингиз мумкин. Навас-Де Брюйне тандеми Алонсо қанотига умуман тинчлик бермади натижада ўйиннинг кўп қисмини орқа чизиқда ўтказишига тўғри келди.

«Челси»да ҳам ўнг қанот яхши ишлади. Биринчи бўлимда бу кўпроқ орқа чизиқда кўзга ташланди. Контенинг амплуадаги кашфиёти Мозес худди анча йиллардан буён ҳимояда ўйнаб келаётгандек таассурот қолдирди. Педро билан шерикчиликда улар ҳужумларни ташкил қилишда ҳам, ҳимояланишда ҳам ўзларининг энг яхши ўйинларидан бирини ўтказишди. «Челси»нинг ғалаба формуласи узун ва ўрта масофаларга ҳаволатиб бериладиган паслар орқали қарши ҳужумлар ташкил этишдан иборат эди. Биринчи бўлимда жамоа яратган энг хавфли вазият ҳам айнан шу услубда Аспиликуэтанинг Азарга ҳаволатиб берган пасидан кейин юзага келганди. Умуман олганда айнан Аспиликуэта жамоа ҳимоядан ҳужумга чиқишида асосий диспетчер вазифасини ўтаганини таъкидлаш жоиз. Бутун ўйин давомида 45 узатма (86,7% аниқ) амалга оширган Сесар бу борада фақатгина Фабрегасдан ва Алонсодан ортда қолди. Унинг ҳимоядаги шериклари Кэйхилл ва Луисда бу кўрсаткич анча камтарона эканини ҳам кўришимиз мумкин: мос равишда 34 (85,3%) ва 34 (76,5%) узатмалар.

Гол киритилган вазиятга келиб «Сити» устунлиги сезиларли даражага чиққанди. Узоқ вақт тўпни эгаллаш бўйича тенглик кузатилиб, биринчи бўлим сўнгида бу кўрсаткич мезбонлар фойдасига 56%-44% кўринишни олганди. Яна ўша энг ўткир ҳужумлар ривожланаётган ўнг қанотдан оширилган тўпни Кэйхилл зарарсизлантиришга уриниш чоғида ўз дарвозасига киритиб қўйди. Мантиқан олиб қараганда бу гол айнан «Челси» дарвозасига киритилиши керак эди.

Ўхшамаган тотал устунлик

Конте феноменининг энг асосий жиҳатларидан бири шунга асосланганки, агар жамоаси ўйинида нимадир ўхшамаса, ёки сценарий у ўйлагандек кечмаётган бўса ҳам ўз қарашларидан, аниқ ўйинга танлаган, аниқ тактикасидан воз  кечмайди. Мана икки ўйиндирки жамоа бунинг ижобий натижасидан баҳраманд бўлиб турибди. «Челси» очко йўқотиши керак деб қаралган учрашувлардан кейин энг яқин таъқибчисини 3 очкога ортда қолдириб пешқадамликни давом эттирмоқда.

Конте иккинчи бўлимда ҳам ҳеч нарсани ўзгартирмади. Гвардиолага эса шундоқ ҳам бирор жиҳатни ўзгартириш зарурати йўқ эди. Тўғри Конте барибир 51 дақиқада оғриқ билан ўйнаётган Педро ўрнига Виллианни туширди. Бироқ бразилиялик футболчининг вазифаси ўзгармади: у Мозес билан шерикликда ўнг қанот ҳимояси ва ҳужумини боғлаб турди.

 

Айнан мана шу дақиқаларда ўйиннинг кулминацион нуқталари ўтди. «Сити» «Барселона»га қарши уйдаги ўйин каби иккинчи бўлимнинг дастлабки дақиқаларида катта куч билан олдинга интилди. Рақибни бир зум бўлсада кўз очиришга йўл қўймади. Энг мақталган ҳимоя чизиғини бутунлай саросимага тушира олди. Аммо сўнгги зарбалар бўйича уларга омад етишмади. Де Брюйна 60-70 сантиметр масофадан тўсинни нишонга олди. Агуэро ҳимояга уюштирган босими натижасида бўш қолган дарвоза қаршисида қолганди, ундан ҳам фойдалана олмади. Умуман аргентиналик ҳужумчини учрашувнинг энг омадсиз футболчиси дейиш мумкин. У томонидан ўйин давомида берилган 6та зарбадан 3таси яққол голли вазиятлар сифатида статистикадан ўрин олди. Лекин буларнинг бирортаси натижага таъсир кўрсатадиган сермаҳсулликни бермади.

 

Бурилиш нуқтаси

Рақибнинг бир неча ўта хавфли вазиятларидан қутулиб қолган «Челси» ўйиндаги асосийқуролидан фойдаланди. Шу вазият яратилишини жамоа бир соат давомида кутди. Тўп худди итальянча услубда ҳужумчига етиб борди. Фабрегас 40 метрлар масофадан ҳаволатиб тўпни Диего Костага берди, ҳужумчи биргина ҳаракат билан Отамендини чалғитди ва гол урди. Гол киритилган вазиятда узатма шунчалик чиройли ва ўз вақтида амалга оширилдики, тасвирда кўриб турганингиздек Коста ва уни қўриқлаётган Отаменди билан «Сити» ҳимоя чизиғи орасида шу қадар катта масофа қолишига сабабчи бўлди.

Голга пас берган Фабрегас ҳақида алоҳида тўхталиб ўтса арзийди, Таянч яримҳимоясида ўйнаган испаниялик футболчи бу кеча жуда катта ҳажмдаги иш бажарди. Майдонда 50дан ортиқ узатма амалга оширган Сеск (шу даражада тўп билан муомала қиладиган рақибга қарши бу жуда яхши натижа) уларнинг 90% фоизини аниқ манзилга етказиб берди. Масалан Канте ўйинда бир неча бор рақиб жарима майдонида пайдо бўлганини кўрган бўлсакда, Сеск деярли олдинги чизиқда пайдо бўлмади.

Иккинчи гол киритилган вазият. Гвардиола Сане ўрнига Клишини туширди. Гаэль энди қанот бўйлаб ҳам ҳимоя ва ҳужумларни ташкил қилиши лозим эдиАйнан мана шу қанотдан «Челси» иккинчи голни киритди. Азар майдон марказида Костани топди. Коста бу сафар бир ҳаракат билан Отамендини ортда қолдирди ва тезлик олган Виллианнинг йўлига тўпни ташлаб берди.

Шундан сўнг «Челси» ўйиннинг бутунлай хўжайинига айланиб олди. Коста ўрнига Ната Чалоба туширилиб, меҳмонлар 3-4-3 схемасидан 3-5-2 кўринишига ўтишди ва бунда асосан 5-5 кўринишида ҳимояланишда фойдаланишди. Фақатгина Азар ва Виллиан вақти келганда қарши ҳужумларни ташкил қилиш учун олдинроқда пайдо бўлиб туришди.

Вазиятни ўз томонига оғдириб олгач, «Челси» итальянча супер ҳимоянинг намунавий кўринишини тақдим этди. Рақиб ҳужум қилган заҳоти икки қаватда иборат зич ҳимоя.

Гвардиола эса вабанкка боришга мажбур бўлди. Стоунз майдондан олиниб унинг ўрнига яна бир номинал ҳужумчи Келечи Ихеаначо туширилди. Бироқ айнан мана шу ўзгариш «Сити»нинг фойдаасидан кўра кўпроқ зарарига ишлади. «Челси»нинг зич ҳимояси ёриб ўтиб хавфли вазиятлар яратилмади. Келечи томонидан йўқотилган тўп худди биринчи ва иккинчи голдаги каби вазиятга сабабчи бўлди. Алонсо биргина пас билан Азарни рақиб дарвозабони билан яккама-якка вазиятда қолдирди – 1:3.

«Челси» ўз ўйини билан яна бир бор Англия чемпионлиги учун асосий даъвогар эканини кўрсатди. Гвардиола жамоаси эса ўзи қурган сценарий асосида кечаётган ўйинни бой берди. Юз фоиз уч очко олишига керак бўлган ўйинни ютқазиш билан бирга, иккита асосий ўйинчилари Агуэро ва Фернандиньосиз кейинги ўйинларни ўтказишга маҳкум. Пеп ҳозирча чиройли ўйиндан ташқари муҳим ўйинларда керакли натижани қўлга киритишни ҳам ўрганиши керак. Бунинг учун уларни олдинда яна бир синов кутиб турибди. «Арсенал»га қарши икки асосий таркиб футболчиларисиз қандай жамоани кўришимизни тез орада билиб оламиз.

Муаллиф: ‏@murodov_ 

Мавзуга оид