Спорт | 15:56
1590
5 дақиқада ўқилади

«Кетишим сабабини сўраманг». Гвардиола «Сити» билан хайрлашди

«Шаҳарликлар» унинг бошқарувидаги 10 йил давомида жами 20 та совринни қўлга киритишди, булар орасида ЕЧЛ кубоги ва АПЛдаги олти ғолиблик ҳам бор.

Фото: Getty Images

«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола мавсум якунида клубни тарк этади. Бу маълумот «шаҳарликлар» клуби матбуот хизмати томонидан расман тасдиқланди.

Пеп клуб бош мураббийи лавозимини тарк этганига қарамай, City Football Group билан ҳамкорликни давом эттиради ва глобал элчи лавозимини эгаллайди.

«Бу вазифада у гуруҳ таркибидаги клубларга техник маслаҳатлар бериб, аниқ лойиҳалар ва ҳамкорлик устида ишлайди», – дейилади клуб хабарида.

Маълумот учун, 55 ёшли мутахассис «Манчестер Сити»да 2016 йилдан буён ишлаб келаётганди. Унинг раҳбарлигида жамоа жами 20 соврин, жумладан битта ЕЧЛ кубоги ва олти марта АПЛ ғолиблигини қўлга киритди.

2025/26 йиллар мавсумини эса «шаҳарликлар» иккинчи ўринда якунламоқда.

19 май куни Гвардиола ўрнини италиялик Энцо Мареска эгаллаши ҳақида хабар қилинганди.

Клуб матбуот хизмати мураббийнинг клуб мухлислари билан хайрлашув видеосини ҳам эълон қилган. Қуйида унинг матн шакли келтирилади:

«Мен келганимда, илк интервюим Ноэл Галлаҳер (Oasis гуруҳи солисти) билан бўлганди. Ўшанда суҳбатдан чиқиб: “Хўш… Ноэл шу ерда эканда? Демак, жуда қизиқ бўлади”, деб ўйлаганман.

Биз бирга қандай гўзал даврни бошдан кечирдик. Кетишим сабаблари ҳақида сўраманг. Ҳеч қандай сабаб йўқ. Лекин қалбимнинг тубида биламан: кетадиган вақтим келди. Ҳеч нарса абадий эмас. Агар абадий бўлганида, мен бу ерда қолган бўлардим. Абадий қоладиган нарса – бу ҳиссиётлар, одамлар, хотиралар ва менинг «Манчестер Сити»га бўлган муҳаббатимдир.

Бу шаҳар меҳнат билан қурилган. Оғир меҳнат билан. Буни ғиштларнинг рангида ҳам кўриш мумкин. Эрта тонгда ишга келиб, кечгача қолган одамларда кўриш мумкин. Заводлар. Панкҳёрстлар оиласи (Манчестердаги сиёсий фаоллар). Касаба уюшмалари. Мусиқа. Саноат инқилобининг ўзи ва унинг дунёни қандай ўзгартиргани. Менимча, мен буни тушундим. Менинг жамоам ҳам тушунди.

Биз меҳнат қилдик. Қийналдик. Курашдик. Ҳаммасини ўз йўлимиз билан амалга оширдик. Ўзимизга хос тарзда.

Оғир меҳнат турли кўринишларда бўлади. Борнмутга сафарда, АПЛни бой берганимизда – сиз ўша ерда эдингиз. Истанбулга сафар (2023 йилги ЕЧЛ финали) – сиз у ерда ҳам бор эдингиз.

«Манчестер Арена»даги терактни (2017 йил 22 май куни Манчестерда америкалик қўшиқчи Ариана Гранденинг концерти вақтида портлаш рўй бериб, 23 киши ҳалок бўлган ва 120 дан ортқи киши яраланганди) эслайсизми? Ўшанда бу шаҳар бутун дунёга ҳақиқий куч нималигини кўрсатганди. Ғазаб эмас. Қўрқув эмас. Фақат муҳаббат. Ҳамжамият. Бирлик. Бирлашган шаҳар.

COVID пандемияси вақтида онамдан айрилганимни ва бу клуб ўша оғир дамларда мени қандай қўллаб-қувватлаганини эслайсизми? Мухлислар, ходимлар, манчестерликлар – сизлар менга энг керак пайтда куч бердингиз. Крис, фарзандларим, бутун оилам – сизлар ҳар доимгидек ёнимда бўлдингиз. Ҳалдун, сен ҳам ёнимда эдинг.

Футболчилар унутмайди – ҳар бир сонияни, ҳар бир лаҳзани, мени, штабимни, бу клубни, ҳаммасини. Биз қилган ҳар бир ишни сизлар учун қилдик. Сизлар эса шунчаки беқиёс эдингиз. Ҳали буни ўзингиз ҳам билмайсиз, лекин сизлар ортингиздан мерос қолдиряпсиз.

Шундай экан, менинг вақтим якунига етаётганида, хурсанд бўлинг. Oasis яна биз билан.

Хонимлар ва жаноблар, ишончингиз учун раҳмат. Мени руҳлантирганингиз учун раҳмат. Мени яхши кўрганингиз учун раҳмат.

Тони Уолш (маҳаллий шоир) ўзининг унутилмас шеърида: «Бу жой», деганди. Кечир, Тони кечир, аммо бу – менинг жойим эди.

Ноэл… мен ҳақ эдим. Бу жуда ҳам ажойиб саргузашт бўлди. Барчангизни яхши кўраман».

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид