Испаниялик мутахассис Хосеп Гвардиола мавсум якунида «Манчестер Сити»ни тарк этади. АПЛнинг 38-турида «Астон Вилла»га қарши кечадиган учрашув унинг Манчестердаги сўнгги ўйини бўлиб қолади. 

Ҳаммаси ҳал бўлган

«Манчестер Сити» мухлисларини карахт ҳолатга туширган дастлабки хабарни Daily Mail тарқатди. Нашрнинг спорт бўлими муҳаррири Оливер Ҳолт Гвардиола мавсум якунида «Сити»ни тарк этиши ва якшанба кунига хайрлашув маросими режалаштирилганини хабар қилди.

Кўп ўтмай ушбу маълумот BBC нашрида пайдо бўлди. Шунда ҳам кўпчилик бунга ишонмаётганди – кейин футбол хабарлари бўйича энг ишончлиси ҳисобланган The Athletic нашри журналисти Дэвид Орнштейн ҳам бу маълумотни тасдиқлади. Ҳозирча клуб ёки Гвардиоланинг ўзи томонидан расман эълон қилинмаган бўлса-да, энди унинг кетишига ҳеч кимда шубҳа қолмади.

Инсайдерларга кўра, клубдагилар аллақачон Гвардиоланинг кетишини муқаррар воқеа сифатида қабул қилиб бўлишган. Гўёки «Сити» раҳбарияти ҳомийлар ва ҳамкорларни Пеп яқин вақтлар ичида клубдан кетишини расман эълон қилиши ҳақида хабардор қилган.

Айрим манбалар Гвардиоланинг ўзи бу маълумотни шу вақтгача футболчилардан ҳам сир сақлаб келгани, душанба куни хабар тарқалиб кетганидан кейин жамоани йиғиб, улардан буни олдинроқ айтмагани учун узр сўрагани ва кетишини тасдиқлаганини хабар қилмоқда.

«Шаҳарликлар» бугун тунда АПЛнинг 37-тури доирасида сафарда «Борнмут»га қарши майдонга тушади. Агар ушбу учрашувдан ғалаба билан қайтадиган бўлса, жамоада чемпионлик учун имконият сақланиб қолади. Дуранг натижа ҳам айни вақтда турнир жадвалида 5 очколик фарқ билан пешқадамлик қилаётган «Арсенал»ни муддатидан олдин чемпионга айлантиради.

38-тур доирасида «Астон Вилла»га қарши ўйин эса «Этиҳад»да бўлиб ўтади ва бу учрашув испаниялик мутахассиснинг жамоа бошқарувидаги сўнгги ўйини бўлиб қолади. Агар охирги турда «Арсенал» очко йўқотса ва «Сити» бугун ва охирги турда ғалаба қозонса, Гвардиола кетаётганида ҳам яна бир бор чемпионликка эришиши мумкин бўлади.

Бу рўй бермаган тақдирда ҳам Гвардиола мавсумни совринсиз якунламаяпти. Жамоа бу мавсумда аллақачон Англия лигаси кубоги ва Англия кубогини қўлга киритган.

Умуман олганда, Пеп жамоадаги 10 йили мобайнида кўплаб совринларга эга чиққан.

Машаққатли йўл

Гвардиола жамоага 2016 йилда, «Бавария»даги баҳсли тажрибадан кейин келганди. Биринчи мавсумини у АПЛга мослашишга ва ҳимоя чизиғидаги муаммоларни бартараф этишга сарфлади. Иккинчи мавсумида эса барчаси ўхшади – «Сити» Гвардиола билан «совринларни супуриб олиш»га киришди. 10 йил ичида Пеп 6 бор Англия чемпионига айланди, шундан тўрттаси қаторасига чемпионлик бўлди (шу вақтгача фақат уч марта чемпионликни рақибларга бой берди – биринчи мавсумда «Челси» чемпион бўлганди, кейин «Ливерпул» Клопп ва Арне Слот бошқарувида бир мартадан биринчи бўлди. Бу мавсумда эса олтин медаллар «Арсенал»га кетиши мумкин).