«Арсенал» – «Бёрнли» 1:0
Гол: Ҳаверц, 37 (1:0)
«Арсенал»: Райя, Салиба, Габриэл Магаляйнс, Калафиори (Инкапие, 72), Москера, Райс, Эзе (Люис-Скелли, 73), Эдегор (Субименди, 90+3), Троссар (Мартинелли, 90+3), Сака, Ҳаверц (Йокереш, 73)
«Бёрнли»: Вайс, Эстев (Хамфрис, 82), Туанзебе, Лукас Пирес, Уокер, Угочукву (Лоран, 71), Флорентину (Уорд-Проуз, 78), Межбри (Амдуни, 70), Энтони, Чауна (Брун Ларсен, 82), Флемминг
Огоҳлантиришлар: Ҳаверц, 67 – Межбри, 28. Флемминг, 90. Лукас Пирес, 90
«Арсенал» чемпионлик титули сари яна бир қадам ташлади. АПЛнинг 37-турида Микел Артета жамоаси ўз уйида «Бёрнли» устидан кичик ҳисобда ғалабага эришди. Энди «Манчестер Сити» билан орадаги фарқ – беш очкони ташкил этмоқда, сешанба оқшомида «Сити» «Борнмут» билан сафарда кечадиган ўйинда очко йўқотадиган бўлса, «канонирлар» муддатидан олдин чемпионликни нишонлаши мумкин.
АПЛни аллақачон тарк этган ва бу турга 10 ўйиндан иборат ғалабасиз серия билан етиб келган рақиб «Арсенал»га қандайдир муаммо туғдириши кутилмаётганди. Шунга қарамай ўйин «Бёрнли»нинг хавфли ҳужумлари билан бошланди. Дебютда меҳмонлар бир неча бурчак зарбалари ишлашди, аммо бу вазиятлардан ҳеч нарса чиқара олишмади.
Кейин эса Артета шогирдлари тўп назоратини қўлга олишди ва биринчи бўлим ўрталарига бориб ўйиннинг 80 фоиз вақтида тўпга эгалик қилишди. «Арсенал» сардори Эдегор ўз шериклари учун кетма-кет вазиятлар яратишди, аммо ҳужумларни якунлашда аниқлик етишмади. Шу куни мезбонларнинг қанот ҳимоясида тушган Калафиори ва Москера мунтазам равишда рақиб жарима майдони атрофида уюштирилган комбинацияларда иштирок этишди.
«Арсенал» вақт ўтган сайин босимни оширди. Ҳаверц бир неча вазиятдан фойдалана олмади. Троссар эса қанотдан марказ томон рейд уюштириб, хавфли зарба берди, аммо тўп устунга борди. Кейинги вазиятда Сака қанотдан оширилган тўпни дарвоза тўрига киритиб юбориши мумкин эди, аммо тўпни тепиш ўрнига ортдан келган рақибнинг оёғига қоқилиб йиқилди. Мезбонлар пеналти талаб қилишди, ўйин бош ҳаками Тирни эса бу вазиятда фол йўқ деб топди, VAR ҳам унинг қарорини қўллаб-қувватлади.

«Бёрнли» эса деярли ҳужумга ўтмади. Жамоанинг энг хавфли чиққан қарши ҳужуми Ҳаннибал вазиятни йўққа чиқариши билан якунланди. Бўлим якунига қараб бораётганида эса «Арсенал» бурчак зарбасидан навбатдаги голини урди. Сака тўпни керакли нуқтага идеал тарзда етказиб берди, Ҳаверц эса дарвозабон ҳудудида барчадан баланд сакраб, бош билан дарвозани ишғол этди. «Бёрнли» дарвозабони Вайс тўпга чиқишда хатога йўл қўйганди.












