Жамият | 18:30 / 07.12.2016
30804
5 дақиқада ўқилади

Эркин Воҳидовга ҳайкал ўрнатилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарори эълон қилинди. Қарор матни ЎзА томонидан тақдим этилган.

Ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига унутилмас ҳисса қўшган атоқли шоир ва адиб, таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов ижодий меросининг ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасидаги улкан аҳамиятини инобатга олиб ҳамда шоир таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш ва хотирасини абадийлаштириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва жамоатчилик вакилларининг Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини мамлакатимиз миқёсида кенг нишонлаш ва хотирасини абадийлаштириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита ўн кун муддатда тегишли вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлашга доир тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин, унда:

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг ўзбек тилида “Сайланма” асарларини, инглиз ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинган шеърий тўпламларини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш;

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ҳайкалини яратиш ва уни белгиланган тартибда ўрнатиш;

Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов яшаган уйда ёдгорлик лавҳаси ўрнатиш;

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида “Эркин Воҳидов ижодининг маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида илмий конференция ўтказиш;

мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, санъаткорлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этиш;

республика театрларида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов асарлари асосидаги спектаклларни қайта саҳналаштириш;

2016 йил декабрь ойининг охирги ўн кунлигида Ўзбек Миллий академик драма театрида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-бадиий хотира кечасини ўтказиш тадбирлари назарда тутилсин.

4. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижоди тўғрисида туркум кўрсатувлар ҳамда радиоэшиттиришлар тайёрлаш, матбуотда мақолалар чоп этиш ва юбилей тадбирларини кенг ёритиш тавсия этилсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.М.Султонов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Маълумот. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, машҳур ижодкор Эркин Воҳидов узоқ хасталикдан сўнг 30 май куни 79 ёшида вафот этганди.

Шоирнинг илк шеърий тўплами — «Тонг нафаси» 1961 йилда нашр этилган. Кейинчалик «Қўшиқларим сизга» (1962), «Юрак ва ақл» (1963), «Менинг юлдузим» (1964), «Муҳаббат» (1976), «Келажакка мактуб» (1983), икки жилдли сайланма («Муҳаббатнома» ва «Садоқатнома», 1986), «Куй авжида узилмасин тор» (1991), «Яхшидир аччиқ ҳақиқат» (1992) сингари китоблари дунё юзини кўрган.

Шунингдек, У Гётенинг «Фауст» асарини, Сергей Есениннинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилиб, алоҳида китоб ҳолида нашр эттирган, Шиллер, Иқбол, Улфат, Расул Ҳамзатов, Леся Украинка, Александр Блок ва бошқа турли халқлар шоирлари асарларини ҳам ўзбек тилига таржима қилган.

Эркин Воҳидов «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (1997). Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1983). Шунингдек, 2016 йили шоир ҳақида “Эркин Воҳидов замондошлари нигоҳида” тўплами ҳам нашр этилган эди.

Мавзуга оид