00:41 / 08.12.2016
19458

Мудофаа қобилиятини оширишда катта ҳисса қўшган Ватан ҳимоячилари тақдирланди

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. 

Мудофаа вазири Қ.Бердиев ва бошқалар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мустақиллик йилларида Конституциямизга мувофиқ мутлақо янги Қуролли Кучларни ташкил этиш бўйича кўлами ва моҳиятига кўра улкан ишлар амалга оширилганини таъкидлади. Бу борада ҳарбий бошқарув тизими яратилиб, турли қўшинларни мувофиқлаштитириш ва уларнинг биргаликдаги ҳаракатини таъминлаш механизми йўлга қўйилди, ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашни яхшилашга доир чоралар кўрилди. 

Мазкур туб ўзгаришлар мамлакатимиз хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва чегараларимиз дахлсизлигини таъминлашга қодир замонавий миллий армиямизнинг жанговар тайёргарлиги ва сафарбарлигини оширишга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари ўз касб маҳоратини ошириб, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш, юртимиз тинчлиги ва барқарорлигини таъминлаш борасида хизмат бурчини бажаришда мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатмоқда. 

Тадбирда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2016 йил 25 августдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, мамлакатимиз мудофаа қобилиятини оширишда катта ҳисса қўшган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга давлатимизнинг юксак мукофотлари топширилди.

– Ҳар бир ҳарбий хизматчи Ватани ва халқи олдидаги бурчи ва масъулиятини теран англайди, – дейди Тошкент ҳарбий округи қўмондони ўринбосари, II даражали “Шон-шараф” ордени соҳиби О.Исмоилов. – Ҳарбийларимизнинг жипслиги, бурчимизни адо этишимиз учун зарур барча шароит яратилгани самарасида Ватанимиз мудофаа қудратини янада мустаҳкамлашда муваффақиятларга эришмоқдамиз.

Тадбир байрам концерти билан якунланди.

Top