1 июнь куни Politico нашри уч нафар европалик дипломатга таяниб, Европа Иттифоқи давлатлари гуруҳи Европада бошпана бериш рад этилган мигрантлар учун 8–10 та мамлакат ҳудудида марказлар ташкил этишни таклифи ҳақида ёзди.
Суҳбатдошлардан бирининг нашрга маълум қилишича, Ўзбекистон ва Қозоғистон ноқонуний мигрантларни учинчи давлатларга бадарға қилиш жараёнида ЕИнинг эҳтимолий ҳамкорлари қаторидан жой олиши мумкин.
Ушбу маълумотларга кўра, бундай марказларни (Return Hubs — қайтариш хаблари) ташкил этиш устида Нидерландия, Австрия, Дания, Германия ва Греция биргаликда иш олиб бормоқда. «Бу ҳар икки томоннинг манфаатларига жавоб берадиган ечим сифатида қабул қилиниши керак», деган Politico суҳбатдошларидан бири. Унинг сўзларига кўра, бунинг эвазига ҳамкор давлатларга ривожланиш учун ёрдам пуллари ёки виза режимини либераллаштириш таклиф қилиниши мумкин.
Евроиттифоқ давлатлари Руандадаги ноқонуний мигрантларни депортация қилиш маркази атрофидаги можаро, шунингдек, Италия ва Албания ўртасидаги шунга ўхшаш келишувга нисбатан ҳуқуқий эътирозлар туфайли эҳтимолий музокаралар иштирокчиларини очиқлашдан чўчимоқда, деб қайд этади нашр.
«Йил охиригача лойиҳанинг аниқ режасига эга бўлиш, яъни камида битта давлат реал музокараларга тайёрлигини билдириши яхши натижа бўлар эди», дея таъкидлаган яна бир дипломат анонимлик шарти билан.
Навбатдаги йиғилишда депортация марказларини ташкил этиш муддатлари белгиланиши керак. Нашрга кўра, Франция ва Германия депортация марказлари фаолиятини зудлик билан бошлашни талаб қилмоқда. ЕИнинг қатор бошқа давлатлари эса ўз ҳуқуқий базаларини янги нормаларга мувофиқлаштириш учун муддатни кечиктиришни сўрамоқда. Европарламент ҳам янги чораларни зудлик билан кучга киритишни талаб қилмоқда.
Ўзбекистон ва Қозоғистон рад қилди
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Омонулла Файзиевнинг Kun.uz'га маълум қилишича, «ушбу кўтарилган масала ҳақиқатга тўғри келмайди». ТИВ сўзчиси бошқа тафсилотларга тўхталмади.










