08:38 / 09.12.2016
27986

Собиқ спортчини дафн этиш учун маблағ ижтимоий тармоқларда йиғилди

фото: Facebook

Ҳаётда баъзан шундай воқеалар, ноҳақликлар бўлиб турадики, қандай чора қўллаш, нима қилиш борасида инсоннинг боши қотади. Ана шундай воқеалардан бирида, умри поёнига етиб бораётган киши учун қабристонда жой топилмаса, маҳалла қўмитаси эса ҳеч қандай ёрдам бермаса, қариндошлардан эса, дафн учун катта пул сўрашса...Nuz.uz сайтида ҳаётий воқеа асосида шулар ҳақида фикр юритилган. 
 
Тошкентликлар Жумановлар оиласидаги мусибат ҳақида ижтимоий тармоқлардан хабар топишди. Собиқ 16-шаҳар шифохонаси (ҳозирги Республика тез тиббий ёрдам маркази)да 69 ёшли Абдулла Назаровичнинг вафот этаётгани ҳақидаги эълонни унинг қўшниси жойлаштирди. Қўшни аёл оиланинг дафн учун пули қолмагани, борини ҳам даволаш учун сарфлагани, аммо бу саъй-ҳаракатлар бесамар кетганини таъкидлаган. 

«Абдулла аканинг қизи мендан қарз сўрашга келди. Маълум бўлишича, отасини дафн этишлари учун уларнинг пули қолмаган. Шифокорлар эса, беморни сунъий нафас олдириш ускунасидан узишлари керак эди. Абдулла ака учинчи инсультни бошидан кечирди ва шифохонадагилар ҳеч қандай умид қолмаганини айтишган. Қизининг сўзларига кўра, маҳалладагилар ёрдам беришдан бош тортган, қабристонда эса жой учун 500 минг, қабр қазиш учун 500 минг сўрашган», - дея ҳикоя қилган қўшни аёл. 

Шундан сўнг, қўшни аёл инсонларнинг ёрдамга шошилишларига ва яхши одамлар кўплигига ишонган ҳолда Facebook тармоғида эълон беришга қарор қилган. Ва у хато қилмаганини тезда тушуниб етди. Биринчи куннинг ўзидёқ, керагидан 3 баробар кўп маблағ тўпланди. 

«Биз 1 млн тўплашни режалаштирган эдик, 3 млн тўпланди. Тўғрисини айтганда, биз бор-йўғи 12 соат ичида бунча маблағ йиғилишини кутмагандик. Бизнинг халқимиз шунчалик меҳрли халқки, ҳамон қўнғироқ қилиб, нима ёрдам кераклигини сўраб туришибди», - деган пул йиғиш кампанияси иштирокчиларидан бири. 

Фаолларнинг ҳикоя қилишича, Жумановлар оиласи, ўзларига керагидан ортиғини рад этишган. Абдулла аканинг қизи Евгения отасини дафн қилиш учун керак бўлган маблағни олган, холос. Шундан сўнг, кўнгиллилар, қолган пулларни муҳтож оилаларга Янги йил байрамини муносиб кутиб олишлари учун озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилишга сарфлашадиган бўлишди. 

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, деб ёзади мақола муаллифи, мени ҳайрон қолдирган жиҳати мусибатнинг ўзигина ҳам эмас, балки маҳалла ва Юнусобод тумани мусулмонлар қабристони маъмуриятининг бунга муносабати бўлди. Қабристон ходимлари аниқ маблағни бевосита талаб қилишган. Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, пул йўқми, демак бошқа ерда дафн қилиш лозим. 

Абдулла Назарович бир пайтлар боксчи бўлган, умрини спортга ва уни ривожлантиришга сарфлаганлардан эди. 

 

Top