Жамият | 12:18 / 16.12.2016
175239
4 дақиқада ўқилади

Видео: Самарқандда эшак гўштидан таом тайёрлаб сотилган бўлиши мумкин

Фото: Тошпулат Рахматуллаев

Самарқандда сўнгги пайтларда эшаклар билан боғлиқ бир қанча миш-мишлар авж олди. Бу ҳолатга халқ орасида “эшаклар қабристони” ҳақида гап-сўзлар тарқалгани айниқса таъсир кўрсатди.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, 2016 йилнинг 5 декабрь куни вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига Самарқанд шаҳри “Озод Шарқ” кўчаси 37-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Р.Тедеев мурожаат қилиб, Самарқанд шаҳри Хишрав қўрғони ҳудудида жойлашган шаҳар ташқарисидаги марказий чиқиндихона яқинидаги сув акваториясида оммавий тарзда йирик шохли ҳайвонларнинг жасадлари ва турли қолдиқлари ташлаб юборилганлигини ҳамда мазкур ҳолат ўта хавфли юқумли касалликларнинг эпидемиясига олиб келиши мумкинлигини баён этган.

Мазкур ҳолат жорий йил 6 декабрида журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг фейсбукдаги саҳифасида ҳам ёритилган.

Мурожаат юзасидан вилоят ҳокими бошчилигида ДСЭНМ бош врачи, табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси, ветеринария, фавқулодда вазиятлар, ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари бошлиқлари, Самарқанд тумани ҳокими ҳамда масалага алоқадор ташкилот ва корхоналар раҳбарлари иштирокида воқеа жойи бориб ўрганилди. Бу ерда кўп миқдорда эшак жасадлари, суяклари ҳамда улар атрофида дайди итлар, мушуклар ва ёввойи қушлар борлиги аниқланди.

Бундан ташқари, сув ҳавзаси яқинида қўлбола усулда лойдан уйлар ва турли бинолар қурилган бўлиб, суякларни куйдириш учун мўлжалланган қўлбола печ, суяк майдаловчи ясама тегирмон борлиги кузатилди.

Ҳудуддаги нобарқарор санитар-эпидемиологик ҳолатни яхшилаш ҳамда аҳоли ва ҳайвонлар ўртасида ўта хавфли юқумли касалликларнинг оммавий равишда тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида вилоят ҳокими раислигида масалага алоқадор корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда Самарқанд шаҳри Хишрав қўрғони ҳудудида жойлашган шаҳар ташқарисидаги марказий чиқиндихона яқинидаги сув акваториясидаги ҳолат атрофлича муҳокама қилиниб, юзага келган нобарқарор санитар-гигиеник вазиятнинг содир этилишига йўл қўйганлиги ва ушбу ҳолатни олдини олиш бўйича ўз вақтида чора кўрмаганлиги учун тегишли вилоят ташкилотлари раҳбарларига нисбатан интизомий чоралар қўлланилди. Шунингдек, уларга туман бўлими раҳбарларини эгаллаб турган лавозимида қолиш-қолмаслиги масаласини кўриб чиқиш вазифаси юклатилди.

Йиғилиш қарорига асосан шунингдек, чиқиндихона яқинидаги сув акваториясида юзага келган нобарқарор санитар-гигиеник вазиятни қайта ўрганиб чиқиш ва тегишли тартибда расмийлаштириш бўйича вилоят ишчи гуруҳи ташкил қилинди. Натижада Хишрав қўрғонидаги сув акваторияси ва унинг атрофида тўпланиб қолган ҳайвонлар жасадлари ва суяк қолдиқлари ветеринария-санитария меъёри талаблари асосида утилизация қилинди. Акваториядаги сув чуқур лаборатория таҳлилидан ўтказилиб, атрофда дезинфекция ва зарарсизлантириш ишлари олиб борилди. Ҳудудни барча ноқонуний қурилма ва бино иншоотлардан тозалаш ҳамда келгусида аниқ шахсга ижарага бериб, ободонлаштириш режа-тадбири тасдиқланди.

Маълум қилинишича, ишчи гуруҳи вилоятдаги барча сув ҳавзалари, шаҳар чиқиндихонаси атрофини хатловдан ўтказиб, фуқаролар томонидан амалга оширилаётган ноқонуний хатти-ҳаракатларга барҳам бериш чораларини кўрмоқда.

Хабарда айтилишича, вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан Хишрав қўрғонидаги сув акваторияси ва унинг атрофида ҳолатларни содир этган шахсларни аниқлаш мақсадида суриштирув ишлари олиб борилиб, айбдорларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўрилмоқда. Ҳудудда жамоат тартиби ва “паспорт-виза” режимига риоя этилишини назорат қилувчи доимий гуруҳ фаолият олиб бораяпти. 

Ушбу видеода бу ҳудудда жониворлар гўшти қайта ишланиб, маҳсулотлар, хусусан колбаса маҳсулотлари тайёрлашда фойдаланилган ускуналар топилгани кўрсатилган.


 

Мавзуга оид