13:12 / 21.12.2016
18223

АҚШ Японияга ерларини қайтариб беради

Фото: AP

АҚШ Япониянинг энг жанубий префектураси Окинава маъмуриятига шу номдаги оролнинг бир қисмини қайтариб беришга тайёр эканлигини маълум қилди. У ерда америка ҳарбий объектлари жойлашган. Окинавадаги америка контингентининг расмий баёнотига кўра, бунга керакли бўлган барча жараён якунига етказилган.

"Окинавадаги машғулотлар полигонини қисқартириш бизнинг Япония ҳукумати ва ўзини-ўзи мудофаа қилиш кучлари билан ҳамкорликда иш олиб боришимизга таъсир кўрсатмайди", - дея АҚШнинг Окинавадаги контингенти қўмондони Лоуренс Николсоннинг сўзларини келтиради Kyodo агентлиги. Унинг таъкидлашича, АҚШ келажакда Японияга ҳарбий базаларни жойлаштиришга мўлжалланган ерларни қайтариб бериш сиёсатини давом эттиради.

Маълумотларга кўра, қайтариладиган ҳудудлар Кунигами ва Хигаси қишлоқлари орасидаги тўрт минг гектарлик ердан иборат. Бу жойлар умумий майдони 7,8 минг гектар бўлган шимолий машғулот полигони таркибига киради.

Ҳудудларни қайтариш ҳақидаги битим 1996 йилда имзоланган, бироқ 2002 йилда уни амалга ошириш жараёни номаълум муддатга қолдирилди. Ҳужжатга кўра, Япония шимолий машғулот полигонида АҚШ қуролли кучларига мўлжалланган олтита вертолёт майдончаларини қуриб бериши керак. Айни дамда эса улардан фақат иккитаси тайёр, қолган объектларни қуриш кейинги йилнинг ёзидан бошланади.

Маълумот учун, Окинава ороли устидан назорат АҚШга Икки жаҳон урушидан сўнг ўтган. Япония 1972 йилда Окинавани қайтарди, бироқ бу жанубий орол АҚШнинг шарқий Осиёдаги ҳарбий амалиётга тайёргарлик кўриладиган майдони бўлиб қолаверди.

Top