Иқтисодиёт | 17:35 / 23.12.2016
9248
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Покистон қўшма корхоналар тузади

Ўзбекистон ва Покистон иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳамкорлик қилади. Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Улуғбек Рўзиқулов 22 декабрь куни Покистон Савдо вазири Хуррам Дастгир Хон билан музокаралар ўтказган.

Хуррам Дастгир Хон Ўзбекистон делегациясининг ташрифи икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар кенгайтиришига замин бўлиши ҳақида қайд этган.

Покистонлик вазир Ўзбекистон ва Покистоннинг ўзаро савдо-иқтисодий соҳада катта салоҳиятга эга эканини айтиб ўтган. У истиқболда ўзаро мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга мумкинлигини қўшимча қилган.

Шу билан у ўзаро савдо муносабатларни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган мавжуд муаммолар ҳақида ҳам тўхталган ва бу тўсиқларни олиб ташлаш учун ҳамкорликда ишлаш зарурлигини қайд этган.

Вазир Карачи ва Лаҳорда Ўзбекистон маҳсулотлари кўргазмаларини ташкиллаштиришни, қўшма корхоналар тузишни таклиф этган.

Шунингдек, вазир ҳукуматлараро комиссия фаолиятини тиклашни ҳамда тез вақт ичида комиссия мажлисини ўтказишни таклиф қилган.

Улуғбек Рўзиқулов Покистон ҳукуматининг бу борада саъй-ҳаракатлари Ўзбекистон томонидан қўллаб-қувватланишини билдирган.

Рўзиқулов Ўзбекистон ҳудудидаги махсус иқтисодий ҳудудлар фаолияти ҳақида маълумотлар тақдим этиб, покистонлик инвесторларни бу ҳудудлардаги лойиҳаларда иштирок этишга таклиф қилган.

Мавзуга оид