Жамият | 09:27 / 26.12.2016
9925
2 дақиқада ўқилади

НАСА Сатурн сайёрасининг табиий йўлдоши суратларини тақдим этди

Фото: HACA

Cassini станцияси Сатурн сайёрасининг табиий йўлдоши – Пандоранинг ўта сифатли суратларини олишга муваффақ бўлди. Йўлдош нотўғри шаклда бўлиб, баъзида Сатурн XVII деб ҳам аталади ҳамда унинг F ҳалқасига таъсир кўрсатади. Фотосурат НАСА сайтида чоп этилган.

Сурат 2016 йилнинг 18 декабрь куни олинган. Ўшанда Cassini Пандорага ўзининг миссияси давомидаги барча вақт ичида энг яқин масофа – 40,5 минг километрга яқинлашди. Тасвир кенглиги эса бир пикселга 240 метрни ташкил қилади.

Маълумот учун, Cassini-Huygens миссияси – НАСА ва Европа фазовий агентлигининг қўшма лойиҳасидир. Унинг асосий мақсади – Сатурн, унинг ҳалқалари ва сайёранинг энг йирик йўлдоши - Титанни тадқиқ қилишдан иборат.

Шу мақсадда Флоридадаги Канаверал бурунидан 1997 йилнинг 15 октябрь куни автоматик фазо кемаси парвозга чиқарилган. У Сатурн орбитасига 2004 йилнинг 1 июль куни чиқиб, 2004 йилнинг 25 декабрь куни ундан Huygens зонди ажралиб чиқди. Айнан у 2005 йилнинг 14 январь кунида Титан юзасига қўнганди.

 

Мавзуга оид