Марсюрардан узатилган унинг муваффақиятли қўнгани ҳақидаги маълумотлар бошқарув марказида енгил тин олиш ва гулдурос қарсаклар билан кутиб олинди.

Марсюрарнинг қизил сайёрадаги асосий вазифаси тирик ҳаёт изини қидиришдан иборат. Олимлар бу сайёрада сув мавжуд бўлган даврлар – 3-4 миллиард йиллар аввалги вақтга тўғри келади, деб ишонишмоқда.

NASA

«Персеверанс» сўнгги бир ой ичида Марсга қўнган учинчи космик аппарат бўлди. Аввалроқ унинг орбитасига БАА ва Хитойнинг роботлари ҳам киришганди. Барча уч миссия Ерни 2020 йилнинг июлида тарк этишганди.

«Бу ғаройиб. Аппаратни жўнатиш пандемия шароити туфайли жуда қийин шароитларда ва эҳтиёт чоралари кўрилаётган бир пайтда бўлди. Бу қувончимизни оширади. «Персеверанс» келажакдаги марсюрарлар учун скаут вазифасини бажаради. Муваффақиятли қўниш навбатдаги миссиялар вазифасини енгиллаштиради», дейди НАСА раҳбари вазифасини бажарувчи Стив Юрчик.

«Салом дунё. Бир умрлик уйимга биринчи бор назар соляпман» деб ёзилди «Персеверанс» учун твиттерда очилган аккаунтда.

Робот, шунингдек, Езеро кратерининг кадрини ҳам жойлаштирди.

Ҳар икки сурат ҳам роботнинг қизил сайёрага қўнганидан кейин жўнатган илк фотоларидир.

Марсга қўниш осон иш кечмади. Ойдан фарқли ўлароқ, унинг атмосфераси қўнишни анча мураккаблаштиради: бу каби миссияларнинг 40 фоизигина муваффақиятли якунланади.

Атлас-5 ракета ташувчиси АҚШнинг «Персеверанс» марсюрар ровери билан Канаверал бурнидаги космодромдан 2020 йилнинг 30 июлида фазога кўтарилганди. Ярим йил ичида фазовий кема Ердан Марсгача қарийб 500 миллион километр масофани босиб ўтди.