Жаҳон | 13:27 / 26.12.2016
24140
2 дақиқада ўқилади

Ту-154 ҳалокатининг тахминий сабаблари маълум қилинди

Фото: ТАСС

Сочида юз берган Ту-154 самолётининг ҳалокатига теракт сабаб бўлгани ҳақидаги тахминлар асосий версия эмас. Бу ҳақда Россия транспорт вазири Максим Соколов хабар берди. У ҳодиса сабабларини суриштириш бўйича ҳукумат комиссиясига раҳбарлик қилмоқда.

"Бугун ҳалокатга асосий сабаблар орасида террорчилик акти йўқ. Шу сабабдан бизнинг фикримизча, ҳалокатга техник ҳолат ёки учувчиларнинг хатоси сабаб бўлган бўлиши мумкин. Аммо буни мудофаа вазирлигининг махсус техник комиссияси аниқлашини таъкидлаб ўтган бўлардим", - дея айтиб ўтди Соколов ҳалокат сабабларини текшириш бўйича комиссия штаби йиғилиши якунига бағишланган брифингда.

Вазир Сочидан Москвага, бош вазир Дмитрий Медведевга ҳалокат билан боғлиқ ҳисоботни тақдим этиш учун қайтиб келмоқда.

Соколов кейинчалик ҳалокат сабабларини аниқлаш бўйича комиссия фаолиятини масофадан туриб назорат қилади.

Эслатиб ўтамиз, Сочидан Сурияга парвоз қилган ва 25 декабрь эрта тонгда радарлардан йўқолиб қолган Ту-154 ҳарбий самолёти Қора денгиз устида фалокатга учраган. У Адлер аэропортидан ёқилғи қуйилгач парвоз қилиб, ҳавода икки дақиқа атрофида бўлган. Самолётда 92 киши, жумладан Александров номидаги қўшиқ ва рақс ансамбли артистлари, "Справедливая помощь" халқаро жамоатчилик ташкилоти раҳбари Елизавета Глинка (доктор Лиза), Россия мудофаа вазирлиги маданият бошқармаси бошлиғи Антон Губанков, Александров номидаги ансамбль бадиий раҳбари генерал-лейтенант Валерий Халилов ҳамда Россиянинг Биринчи канали, НТВ ва "Звезда" телеканаллари журналист ва операторлари бўлган. 

Мавзуга оид