11:14 / 27.12.2016
30485

Автомобиль ўғирлаганлар учун жавобгарлик кучайтирилди

Фото: Kun.uz

2016 йил 27 декабридан Ўзбекистонда транспорт воситаларини ўғирлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. 26 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жиноят кодексига тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолаган. Мазкур қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 6 октябрда қабул қилинган, 12 октябрда Сенат томонидан тасдиқланган эди, деб ёзмоқда Газета.уз сайти. 

Шундай қилиб, ЖКнинг янгиланган 267-моддасига кўра, транспорт воситасини ўғирлаган шахс 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Бунгача, ушбу жиноятни содир этганлар учун 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилар эди.

Айни жиноят,
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, 
б) бир гуруҳ шахслар томонидан аввалдан тил бириктирган ҳолда, 
в) зўравонлик ёки зўравонликни қўллаш таҳдиди ёхуд,
г) транспорт воситасини ўғирлаш ёки зўравонлик билан эгаллаб олиш воситасида амалга оширилса, 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланишга асос бўлади. 

Айни ҳаракат,
а) ўта хавфли рецидивист томонидан, 
б) уюшган жиноий гуруҳ ёки
в) транспорт воситасини босқинчилик йўли билан эгаллаб олиш орқали содир этилса, 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этишга асос бўлади. 

Аввалроқ, сўнгги уч йилда автомобиль ўғирлаш ҳолатлари 65 фоизга ўсгани хабар қилинган эди. Жиноят кодексига тузатишлар Бош прокуратура томонидан киритилган. 

Top