Light | 18:35 / 31.12.2016
19641
3 дақиқада ўқилади

Йиллар ўз таъсирини ўтказа олмаган муҳаббат тарихлари

Одамлар Янги йил байрамидан мўъжиза кутишади. Мўъжиза эса оддий нарсаларда мужассамдир. Kun.uz қалбдаги меҳр-муҳаббат билан кимнингдир ҳаётини яхши томонга ўзгартириш мумкинлигини исботловчи ҳикоялар билан бўлишди. Биз орзу қиладиган мўъжиза шу эмасми?

Эр кўзи ожиз хотини учун уйини гулзорга айлантирди

Япониялик Куроки жуфтлиги 30 йилдан ортиқ фермада яшаб, хўжалик билан шуғулланди. Улар 2 нафар болани вояга етказишди ва нафақага чиқиб, саёҳат қилишни орзу қилишаётганди. Бироқ кутилмаганда аёлнинг кўзи кўрмай қолди ва шу боис у ҳеч қаерга чиқолмади. Эр унга далда бериш мақсадида ўз уйи олдида 2 йил давомида гул экди, ахир гуллардан бахра олиш учун уларни кўриш шарт эмас - гулларнинг ифорини ҳис қилиш мумкин! Улкан "гулли гилам" жуфтликнинг уйига минглаб зиёратчиларни жалб қилиб келади, Курокиларнинг ўзи эса кўпинча ҳовлида, юзларида табассум билан ўтиришади. 

Чжоу 57 йилдан буён фалажга йўлиққан аёлини парвариш қилади

Мана 57 йилдирки, хитойлик Чжоу Ю Ай фалажга йўлиққан аёлига ғамхўрлик қилиб келади ва ҳеч нарсага қарамай, уни севишини айтади. 1959 йилда, тўйдан 5 ой ўтиб, келиннинг тоби қочган ва у ҳаракатдан қолган. Дўстлари унга хотини билан ажрашиб, янги ҳаёт бошлашни таклиф қилишган, бироқ Чжоу бунга мутлақо рози бўлмаган. У ишини ташлаган, уйда фермерлик билан шуғулланиб, хотинини парвариш қилади. Чжоу ҳар куни севимли аёлини овқатлантиради, уқалайди ва... касалликни даволовчи дори топилишига умидини сўндирмайди. Ҳақиқий муҳаббат, садоқат ва олийжаноблик!

Турмушига 52 йил бўлган жуфтлик ҳар куни бир хил кийим кияди

Эд (76 ёш) ва Фрэн (74 ёш)нинг турмуш қуришганига 52 йил бўлди. Йиллар уларнинг ҳис-туйғуларига ўз таъсирини кўрсата олмади, улар доим ва ҳамма жойда бирга. Бир неча йил аввал эса уларга ажойиб бир фикр келди - жуфтлик ҳар куни бир хил кийинишга қарор қилди - фикр, ғоя ва дид уйғунлиги!

Бу жуфтлик муҳаббат ҳар нарсадан устунлигини исботлади

Анна-Мария ва Амбросио Лопес ўтган асрнинг 50-йилларида танишишган. Улар бир-бирларига бир қарашдаёқ кўнгил қўйишган, бироқ қизнинг ота-онаси унга тана ранги уларникидан фарқ қилган камбағал йигит билан учрашишни тақиқлайди. Шунда Анна-Мария уйидан кетиб, севган инсонига турмушга чиқади. Жуфтлик 60 йилдан бери бирга бўлса-да, бир-бирига ҳали-ҳануз муҳаббат билан боқади.  

Турмушига 82 йил бўлган энг романтик жуфтлик

Николас ва Рафаэла Ордаз мана 82 йилдирки, бахтли яшаб келишади. Уларнинг сўзларига кўра, муносабатларининг  сири - муҳаббат ва романтикада. Николас - 102 ёшда, Рафаэла эса - 100 ёшда. Николас ўзининг фарзандлари, неваралари ва ҳатто чевараларига дунёдаги энг гўзал аёлга уйланганини айтишдан чарчамайди. 

Мавзуга оид