Болаликданоқ қиз болага “севимли бўл”, “хўп бўлади де”, “меҳрибон бўл” деган сўзлар кўп айтилган. Ўғил болага эса “мағрур бўл”, “ҳисларингни кўрсатма”, “эркак киши йиғламайди” дейишган. Шу тарзда жамият илк қадамдaноқ икки хил ролни белгилаб қўяди. Натижада қизлар катта бўлганида муҳаббатни ҳис қилишга эмас, унинг учун меҳнат қилишга ўрганиб қолади.
Психолог Дилноза Юсуповага кўра, бу ҳолат “эмоционал меҳнат” деб аталади:
“Муносабатда аёл кўпроқ эмоционал масъулиятни олади — у ярашишга қадам ташлаётган, кўнгил кўтараётган, муҳитни юмшатишга уринаётган бўлади. Бундай аёллар муносабатда шеригининг муҳаббатидан кўра, ‘мен яхши аёлманми?’ деган саволга жавоб излашади. Бу эса уларни кўпинча руҳий чарчаш ва эҳтиёжларини унутиш ҳолатига олиб келади. Эркак эса кўпинча муносабатнинг оқимини қабул қилади. Бу биологик эмас, ижтимоий ролнинг натижаси.
Аёллар муҳаббатни туйғу эмас, масъулият сифатида қабул қилишади. Шу боис, у муносабатда “ҳам она, ҳам дўст, ҳам маслаҳатчи” бўлиб кетади. Эркаклар эса кўпинча “эмоционал меҳнат”ни аёл зиммасига юклаб қўйишади — улар шундай қилиш кераклигини билишмаса ҳам керак балки.
Аммо замонавий муносабатлар янги йўналишда. Янги авлод аёллари муҳаббатда ҳам ҳиссий тенгликни излаяпти. Улар учун муҳаббат — фақат бериш эмас, балки ўзаро эҳтиром ва тенг ҳиссиёт алмашинувидир. Муҳаббат — бу қурбонлик эмас. Агар бу муносабатлар сени ўзингни йўқотишга мажбурлаётган бўлса, билгинки бу муҳаббат эмас.
Шунинг учун муҳаббатдаги жонбозлик фақат бир томонлама бўлмаслиги керак. Аёл севганда ўзини йўқотмасин, эркак севганда ҳиссиётини яширмасин.
Шундагина муҳаббат нафақат юрак, балки инсоннинг қадрини ҳам сақлаб қолади”, дейди психолог.
Муҳаббат ниқоби остидаги боғлиқлик
Тадқиқотлар кўрсатишича, севги муносабатларида ўзини тўлиқ шеригига бағишлайдиган аёллар дастлаб ўзини бахтли ҳис қилади. Аммо вақт ўтиши билан эмоционал чарчоқ, қийматсизлик ҳисси пайдо бўлади. Муносабатда шахсий чегараларни йўқотган аёллар ўз қадрини паст баҳолай бошлайди ва бу кейинчалик руҳий боғлиқликка айланади.
Муҳаббат муносабатларида “эмоционал автономия” — яъни мустақил ҳиссий фикр ва қарор қабул қилиш қобилияти — муносабатнинг барқарорлиги учун асосий омил эканлиги таъкидланган.















