16:22 / 06.01.2017
10305

2016 йилда Ўзбекистон 818,5 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилди

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 7 апрелдаги қарори билан «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси таркибида янги узилган ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти бўйича тузилган «Ўзагроэкспорт» махсус ташқи савдо компанияси йил ҳисоботини тақдим этди.

2016 йил якунларига кўра, Ўзбекистон корхоналари томонидан 818,5 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари (2015 йилга нисбатан 38,3 фоизга кўпроқ), жумладан, сабзавотлар – 242,1 минг т (29,6 фоиз), мевалар – 229,6 минг т (28 фоиз), полиз экинлари – 6,8 минг т (0,8 фоиз), узум – 96,2 минг т (11,7 фоиз), дуккакли маҳсулотлар – 120,2 минг т (14,7 фоиз) ва қуритилган маҳсулотлар  124,5 минг т (15,2 фоиз) миқдорида экспорт қилинган.

Компания сайтида маълум қилинишича, ўтган йилда 65 турдаги маҳсулот экспорт қилинган. Экспортнинг асосий ҳажми гилос (14,4 фоиз), майиз (12,8 фоиз), ўрик (7,63 фоиз), узум (7,57 фоиз), мош (6,91 фоиз), помидор (6,86 фоиз), ловия (6,51 фоиз), кўкат (5,65 фоиз), шафтоли (нектарин) (4,11 фоиз) ва хурмо (3,96 фоиз) ҳиссасига тўғри келади.

Маҳсулотлар дунёнинг 43 мамлакатига экспорт қилинган. Ўтган йилда Ўзбекистондан мева-сабзовот маҳсулотларини экспорт қилувчи мамлакатлар қаторига 9та янги мамлакат қўшилган, Испания ва Италияга илк марта консерваланган ковул, Ливанга – ёнғоқ, Вьетнамга – майиз, Бельгияга – қуритилган мевалар, Швейцарияга – узум ва қовун, Нидерландияга – туршак, Исроилга – майиз, Чехияга – узум ва қуритилган мевалар етказиб берилган.

Ўзбекистон дунёнинг йирик экспортчилари қаторига кириб, жаҳонда 48-ўринни эгаллаган.

Top