Сув муаммоси: Биргина қудуққа қараб қолган маҳалла тақдирига ким масъул?
Таҳририятимизга Андижон вилояти Жалақудуқ туманида истиқомат қилувчи фуқаро шикоят билан мурожаат қилди.
Унинг сўзларига кўра, туман ҳудудида жойлашган Ёрқишлоқдаги Марварид кўчасида аҳоли ичимлик суви оладиган қудуқ бир ойдан бери ишламаётган экан. Аҳоли қўшни туман билан чегарадош бўлган Тўрабоддан сув ташиб келишга мажбур. Суҳбатдошимизнинг маълум қилишича, у ерга бориш учун 1-2 километрлик йўлни босиб ўтиш керак экан.
Фуқаро айни дамда 1000 дан ортиқ инсон сув танқислигига дуч келаётганини айтиб ўтди.
Шунингдек, одамларнинг муаммосини тезроқ ҳал қилиб бериш ўрнига вилоят “Сувоқава” ташкилоти 1500 сўмлик тариф пулларини йиғиш билан овора. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, мамлакат пойтахти Тошкент шаҳрида кўчада жойлашган қувурдан сув олиш учун 402 сўмлик тариф белгиланган. Ўз-ўзидан савол келиб чиқади: нима учун пойтахтда 400 сўм-ку, Андижонда 1500 сўм?
Бундан ташқари, шикоят билан мурожаат қилган фуқаронинг айтишича, Марварид кўчасидаги булоққа шунча йиллардан бери аҳолининг ўзи қараган, мутасадди ташкилот бунинг учун ўрнидан қўзғалиб ҳам қўймаган. Фақатгина суратда кўриш мумкин бўлган “Сув” деган сўзни оҳак билан ёзиб кетишганини ҳисобга олмаганда... Маҳалла комиссияси эса яранинг устига туз сепгандек келиб, қўшимча пул йиғилишини билдирган. Улар бу пулларга махсус кран олиб келишини рўкач қилишган. Ваҳоланки биз билан алоқага чиққан фуқаронинг билдиришича, Собиқ Иттифоқ пайтида ўрнатилган қувурлар шунча йиллардан бери таъмирланмагани туфайли занглаб кетган. Уни кран орқали олишда унинг ёрилиб кетиши эҳтимоли жуда катта. Бу эса аҳолига яна қўшимча маблағ юкланишига сабаб бўлади.
Kun.uz сайти шу масала юзасидан Жалақудуқ тумани ҳокимлиги билан боғланди. У ерда биз билан мулоқотга чиққан туман ҳокими ўринбосари муаммолар қисман борлигини тан олди. Унинг сўзларига қараганда, туманнинг 65 фоиз аҳолиси сув билан тўлиқ таъминланган экан. Шунингдек, амалдор сув танқислигидан азият чекаётган Ёрқишлоққа ва умуман бундай муаммога дуч келган аҳолига ушбу масала юзасидан амалий кўмак бериш мақсадида 910 миллион сўм маблағ ажратилганини ҳам эслатиб ўтди.
Амалдорнинг айтишича, айни дамда бу ерга Қамбаротадаги булоқ суви қувур орқали тортиб келинаётган экан. Шунингдек, биз ундан аҳолидан олинаётган 1500 сўмлик тариф ҳақида сўраганимизда, у бундай нархлар вилоят ҳокимлиги томонидан белгилаб берилганини айтди.
Биз амалдордан Марварид кўчасидаги сув танқислигидан қийналаётган аҳолига шу куннинг ўзидаёқ амалий ёрдам кўрсатилишини илтимос қилдик. Туман ҳокимлиги вакили рози бўлди. Бироқ, бизга шикоят билан чиққан фуқаро билан орадан икки кун ўтиб боғланганимизда, у ҳалигача бу масала юзасидан ҳеч ким келмаганини айтди. Амалдор билан қайтиб алоқага чиқмоқчи бўлганимизда эса – у телефон қўнғироқларига жавоб қайтармаслик билан чекланди, холос.
Шу ўринда ўз-ўзидан савол туғилади: 21 асрда сув учун доимий равишда ҳақ тўлаб келаётган кишиларни сувсиз қолдириш ҳали-ҳамон учраб тургани тўғримикан? Нима учун 1 ойдан бери қўшни туманга 1-2 километрлик масофани босиб, керак бўлса эшак араваларда сув ташиб келаётганини билиб, кўриб туриб уларга ёрдам кўрсатилгани йўқ?
Ҳозирги туман ҳокимлари аҳолининг ярим оғиз шикоятини бир кунда ҳал қилишга имконлари ҳам, барча керакли шароитлари ҳам бор. Бироқ, негадир бу қилинмаяпти... Тағин ҳам вилоятларда истиқомат қилувчи аҳоли ҳамма нарсага кўникиб кетишмоқда – сувсизлик, электр таъминотидаги катта узилишлар, йўллар сифати, газ масаласи ва ҳоказо...
Мақолани ёзиш чоғида бир нарсадан ўзимиз ҳам ҳайратга тушдик: ҳозирги даврда вилоятларда иссиқ сув таъминоти, канализация тармоқларини йўлга қўйиш ҳақида сўз юритиш ўрнига, аҳолининг ичимлик сувидан танқислиги борасидаги муаммосини ёритмоқдамиз. Лекин суратлардан кўриш мумкинки, Жалақудуқ туманида 21 асрда ичимлик суви таъминотида ҳали қилинадиган ишлар анча кўп экан...
Афтидан Жалақудуқ тумани ҳокимлиги масъул шахслари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани муносабати билан бу борада маҳаллий ҳокимлик ва бошқарув органлари олдида турган вазифаларга алоҳида эътибор қаратганидан, раҳбарларнинг халқ ичига кириб, аҳоли билан самимий мулоқот қилиши, уларнинг дарду ташвишларини тинглаб, муаммоларга ечим топиши халқимизнинг давлатдан рози бўлиши ва турмуши фаровонлигига хизмат қилиши кераклиги ҳақида таъкидлаб ўтганидан бехабарлар шекилли...
Албатта, иш бор жойда камчилик ҳам бўлиши табиий бир ҳол. Аммо ҳамма раҳбар кадрлар ҳам мурожаатларга қулоқ тутиб, уни тезкорлик билан бартараф этиши шарт! Сувсиз қолган аҳолининг шикоят ва мурожаатларини бир ойдан бери эътиборсиз қолдирилаётгани эса ҳеч бир онгли инсоннинг ақлига сиғмайдиган ҳолат!
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бошқа вилоятлар ва туманларда бундай муаммолар борлигини яхши биламиз. Уларнинг қачон бартараф этилиши эса ҳокимликлар амалдорларига боғлиқ.
Андижон вилояти Жалақудуқ тумани ҳокимлиги масъул шахсларини эса инсофга чақириб, юқоридаги ҳолат бўйича тезкор амалий ишлар бажарилишидан умидвор бўлиб қоламиз...
Мавзуга оид
22:45 / 19.11.2024
Маданий мерос агентлиги Андижондаги Бобур ҳайкалини кўчириш бўйича тарқалган хабарларга муносабат билдирди
10:40 / 19.11.2024
Андижонда Бобур ҳайкалини кўчириб, ўрнига савдо мажмуаси, кўнгилочар марказлар қуриш режалаштирилмоқда
21:10 / 18.11.2024
Андижонда 1800 гектар ернинг тоифаси ўзгартирилиб, ишлаб чиқариш мажмуалари қурилади
11:09 / 08.11.2024