Жамият | 16:28 / 02.12.2025
3773
2 дақиқада ўқилади

Андижонда аҳолига ажратилган имтиёзли кўмирни сотган масъуллар ушланди

Андижон вилоятида куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига имтиёзли нархларда етказиб бериш учун ажратилган юзлаб тонна кўмир ноқонуний тарзда сотилгани аниқланди. “Кўмир таъминот” МЧЖнинг Пахтаобод ва Қўрғонтепа туманларидаги омборлари масъул шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Фото: Прокуратура департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Андижон вилоятидаги бўлимлари томонидан ДХХ ва ички ишлар органлари ходимлари билан ҳамкорликда куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига имтиёзли нархларда етказиб бериш учун ажратилган кўмир юзасидан тезкор тадбирлар ўтказилди.

Маълумотларга кўра, Департаментнинг Пахтаобод тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Кўмир таъминот” МЧЖнинг Пахтаобод кўмир омбори экспедитор-кассири Ш.Т. (муқаддам судланган) омбордан аҳоли ва ижтимоий соҳа учун ажратилган кўмирни ноқонуний равишда олиб чиққани аниқланган.

Унинг туманда фаолият юритувчи тадбиркорга 35,1 тонна кўмирни 35,1 млн сўмга сотишга келишиб, ушбу пуллар ҳисобидан 2 800 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушлангани қайд этилди.

Шунингдек, мутахассислар иштирокида омборда ўтказилган хатлов натижасида 196,1 тонна кўмир камомади аниқланган.

Худди шундай, Департаментнинг Қўрғонтепа тумани бўлими ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда “Кўмир таъминот” МЧЖнинг Қўрғонтепа кўмир омбори масъул шахслари ҳам қонуний тартибда аҳолига сотилиши лозим бўлган кўмирни ноқонуний равишда реализация қилаётган вақтда ушланган.

Маълум бўлишича, улар куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига имтиёзли нархларда етказиб бериш учун ажратилган 153,6 тонна кўмирни кўмир савдоси билан шуғулланиб келган 7 нафар фуқаро ва тадбиркорга ҳар бир килограммини 1 200 сўмдан ҳисоблаб сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга oлинган.

Омборда ўтказилган хатлов натижасида бу ерда ҳам 183,9 тонна кўмир камомади аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид