Спорт | 17:44 / 01.12.2025
3245
2 дақиқада ўқилади

Самвел Бабаян «Андижон» клуби бош мураббийи бўлди

54 ёшли мутахассис учун бу Ўзбекистон чемпионатидаги тўртинчи клуб бўлади.

Фото: Getty images

«Андижон» футбол клуби Самвел Бабаян бош мураббий бўлганини видеоролик орқали эълон қилди. У билан тузилган шартнома бандлари ошкор этилмади.

54 ёшли мутахассис мураббийлик фаолиятини 2014 йилда «Пахтакор» клубида бошлаган. Кейинчалик «Спартак» (Латвия), «Локомотив» (Тошкент), «Чанчун Ятай» (Хитой) ва «Навбаҳор» (Наманган) клубларида ишлади.

2015-2017 йилларда Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи бўлди, бироқ, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритолмади.

2018 йил январда Ўзбекистон футбол ассоциацияси Бабаянни Тошкентнинг «Пахтакор» клубида ишлаган вақтида футболчиларнинг шартномалари билан боғлиқ фирибгарликлар туфайли футбол соҳасидаги ҳар қандай фаолиятдан умрбод четлатди.

Кейинчалик Бабаян ўзининг айбсиз эканини айтиб, бу четлатиш 15 кундан кейин олиб ташланганини маълум қилди, бу ҳақда ҳеч қаерда расмий маълумот берилмаган.

Самвел Бабаяннинг сўнгги иш жойи Тошкентнинг «Локомотив» клуби бўлиб қолаётганди: 2024-2025 йилларда маслаҳатчи мураббий сифатида. Жамоа 2024 йилда Суперлигадан тушиб кетди, аммо 2025 йилда Про-Лига ғолиби сифатида яна элитага қайтди.

Самвел Бабаян 2014 йилда «Пахтакор» билан Ўзбекистон чемпиони бўлган. 2014 ва 2015 йилларда Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи деб топилган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид