Жаҳон | 15:43 / 09.01.2017
9318
1 дақиқада ўқилади

Асад Остонадаги музокаралар ижобий натижа бериши кимга боғлиқлигини айтди

Остонада Сурия бўйича музокаралар натижаси уларда қайси мухолифат иштирок этишига боғлиқ, деди Сурия президенти Башар Асад Франция ОАВга берган интервьюсида.

"Бошқа томонда ким бўлади? Биз буни ҳалигача билмаймиз... Ҳақиқий Сурия мухолифатими? Мен "ҳақиқий" деганда, унда Сурия халқини назарда тутдим. Ўйлашимча, мухолифат билан Суриядаги муаммолар юзасидан фикр алмашилади", - дея президентнинг сўзларини келтиради САНА агентлиги.

Шунингдек, Сурия президенти музокараларга тайёрлигини тасдиқлаб, Дамашқ томонидан диалог учун ҳеч қандай тўсиқлар йўқлигини билдирди.

Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин туркиялик ҳамкасби Тоййиб Эрдўған билан Суриядаги можарода иштирок этаётган томонларни Остонада ташкиллаштириладиган тинч музокаралар жараёнида иштирок этишга таклиф қилиш борасида келишиб олгани хабар қилинганди. Путиннинг сўзларига кўра, бу учрашув Женева музокараларини тўлдириши лозим.

Учрашув Остонада 23 январь куни бўлиб ўтиши кутилмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид